Россия урушга аёл маҳбусларни жалб қилмоқда – Украина
Олам
−
13 Апрель
6854Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Украинага қарши уруш олиб бориш учун қўшимча инсон ресурсларини қидириб, мамлакат колонияларидаги аёлларни урушга фаол равишда жалб қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 12 апрель куни Украина Миллий қаршилик кўрсатиш маркази маълум қилди.
Марказга кўра, биринчи навбатда, маҳбус аёллар орасидан шифокорлар, снайперлар қидирилади. Шунингдек, агар хоҳласа, улар ҳужум отрядларига жалб қилинади.
Қамоқдаги аёлларга пул ва уйга қайтиш имконияти ваъда қилинган ҳамда уларнинг кўплари тирик қайтишларига ишониб, таклиф қилинган шартларга рози.
"Аммо Украинада уларни бутунлай бошқача вазият кутмоқда: уларнинг кўпчилиги озодликка эришиш ўрнига дўзахга тушиб қолади", дея огоҳлантирган Миллий қаршилик маркази.
Аввал ҳам "Русь сидящая" инсон ҳуқуқлари лойиҳаси асосчиси Ольга Романова бир неча бор Россия Мудофаа вазирлигининг ташвиқотчилари Украинадаги урушга жўнатиш учун асир аёлларни ёллаётганини таъкидлаганди.
Романованинг сўзларига кўра, қамоқхонадаги аёллар ташвиқотга жуда мойил ва эркакларникига қараганда кўпроқ жанг қилишга киришади.