Россия Украинада “қўғирчоқ” ҳукумат тузишга уринишда айбланди. Бунга Москванинг жавоби қандай?
Олам
−
24 Январь 2022
9508Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг Украинага бостириб киришидан кейинги режаларини эълон қилди. Россиянинг ҳарбий кучайиши шароитида Кремлнинг Украинада россияпараст сиёсатчини ҳокимият тепасига олиб келиш режаси алоҳида роль ўйнаши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.
“Бизда Россия ҳукумати Украинага эҳтимолий босқинчилик ва ишғол этиш тўғрисида қарор қабул қилиш орқали Киевда россияпараст етакчини ҳокимият тепасига олиб келишга уринаётганини кўрсатувчи маълумотлар бор”, дейилади баёнотда.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Россия разведкаси бир қанча собиқ украиналик сиёсатчилар билан алоқада экани таъкидланган.
“Улардан баьзилари Украинага ҳужумни режалаштиришда иштирок этган россиялик разведка ходимлари билан алоқада”, дея қўшимча қилган ТИВ.
Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасснинг сўзларига кўра, “нашр этилган маълумотлар Россиянинг Украинага путур етказишга қаратилган ҳаракатлари кўламини ёритиб беради”.
“Россия кескинликни пасайтириб, тажовузкорлик ва дезинформация кампаниясини тўхтатиб, дипломатия йўлида олға интилиши керак. Буюк Британия ва бизнинг ҳамкорларимиз Украинага ҳар қандай ҳарбий аралашув катта стратегик хато бўлишини ва катта харажатга тушишини бир неча бор таъкидлаганмиз”, дейди Трасс.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровага кўра, Британия Ташқи ишлар вазирлиги Москва ўз вақтида жавоб қайтармайди деган умидда Украинадаги ҳокимиятни ўзгартириш режалари ҳақида олдиндан маълумот тайёрлаган. Захарова Британия томони маълумот тўлдиришни қандай амалга оширганига эътибор қаратган.
“Материал олдиндан тайёрланган, шекилли, уни шанба куни тушдан кейин ҳам, кечқурун ҳам чоп этиш мумкин эди. Йўқ, улар ўз нуқтаи назаридан яхши вақтни танладилар — Москва вақти билан тунги 1:30. Улар жавоб бермаслигимизга ишонишди ва материални ОАВга олдиндан жўнатишди. Биз бунга муносабат билдирдик ва муносабат билдиришда давом этамиз”, деган дипломат.
Захарова Британия Ташқи ишлар вазирлигининг ҳаракатларини “зарарли ахборот тажовузкорлиги” деб атаган.
Маълумот ўрнида, АҚШ Россиянинг Украинага “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.
“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.
Шу ўринда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили ҳам Британия Украинага қурол юбораётганини, аллақачон олтита рейс келганини айтди.
Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Шунингдек, Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь