Россия Украина устидан ҳаво устунлигини қўлга олди – Мудофаа вазирлиги
Олам
−
28 Февраль 2022
13769Россия ҳарбийлари Украина устидан ҳаво устунлигини қўлга олгани айтилмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот котиби Игорь Конашенков маълум қилди, деб хабар бермоқда РБК.
“Россия авиацияси Украинанинг бутун ҳудудида ҳаво устунлигини қўлга киритди”, дейди Конашенков.
Унинг сўзларига кўра, амалиёт бошлангандан бери Россия Қуролли кучлари Украинанинг 1114 та ҳарбий инфратузилма объектига зарба берган.
Ўтган кун давомида Россия аэрокосмик кучлари саккизта Бук М-1 жанговар техникасини, С-300 ва Бук М-1 ҳаво мудофаа тизимларини, П-14 станциялари билан учта радио позициясини йўқ қилди. Бундан ташқари, тўртта жанговар самолёт ерда йўқ қилинган ва битта жанговар самолёт ҳавода уриб туширилган.
Улар орасида 314 та танк ва бошқа зирҳли жанговар машиналар, 57 та кўп учувчи ракета тизими, 121 та дала артиллерия ва миномётлари, 274 та махсус ҳарбий техника, 31 та қўмондонлик пункти ва алоқа маркази мавжуд.
Конашенков, шунингдек, россиялик ҳарбийлар Энергодар ва Бердянск шаҳарлари ҳамда Запорож атом электр станцияси (АЭС) атрофидаги ҳудудларни назоратга олганини айтди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси