Россия қўшинлари йўқ қилдик деб ўйлаган танк комбайн бўлиб чиқди (видео)

Олам

image

Россия томони Украина Қуролли Кучларига қарашли “Leopard” танкини йўқ қилганини даъво қилди. Бироқ, маълум бўлишича, “Leopard” дея намойиш этилган техника аслида буғдой ўрувчи комбайн бўлиб чиққан. Бу ҳақда “Business Insider” хабар берди

Россия Мудофаа вазирлиги яқинда берган баёнотида Украинанинг йирик ҳужумини қайтаргани ҳамда илк бор Германияда ишлаб чиқарилган ва Украинага берилган “Leopard 2” танкини йўқ қилганини қайд этган. Вазирлик бу “танк”га снаряд келиб урилгани акс этган видеони ҳам эълон қилган. 

Аммо ижтимоий тармоқларда ва рус ҳарбий блогерлари орасида ҳам бу жисм “Leopard 2” ва ҳатто “танк” эканига ҳам шубҳалар пайдо бўлди. CNA нотижорат тадқиқот гуруҳининг Самуэль Бендеттнинг айтишича, видеода овози янграган ҳарбийлар “танк”ни нишонга олиш жараёнида “Келинг, синаб кўрамиз”, дея айтган ва ҳар қандай жангчи Россиянинг энг яхши техникалари билан рақобатлаша оладиган юқори даражали танкларни нишонга олиш пайтида бундай демаган бўларди. 

Ҳарбий мутахассисларнинг фикрига кўра, видеода намойиш қилинган техникада “Leopard 2”да мавжуд бўлган асосий хусусиятлар йўқ. Яъни унда немис танкининг диаметри 120 миллиметрли стволи ҳамда экипаж люки ёнида ўрнатилган иккиалмчи қурол – пулемёти ҳам йўқ. Катта эҳтимол билан Россия ҳужум вертолёти йўқ қилгани айтилган “танк” аслида қаровсиз қолдирилган трактор ёки оддий буғдой ўрувчи комбайн бўлиши мумкин. Видеодаги жисм даланинг ўртасида ҳаракатланмаган ҳолда тургани ҳам бу тахминни қўллайди. 

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида Германия Украина учун 178 та “Leopard” жўнатиши маълум бўлган эди. Шунингдек, мамлакат бошқа давлатларга ҳам Украина учун “Leopard”ларни юборишга рухсат берган. Ҳозиргача бундай танклардан бир қанчаси аллақачон жанговар ҳаракатларда қатнашмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Leopard комбайн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг