Россия Қозоғистондаги АЭС қурилишида қатнашмоқчи
Олам
−
07 Ноябрь
2089Россия Қозоғистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича таклифлар киритди. Шу билан бирга, мамлакат атом энергияси давлат корпорацияси – “Росатом” ўз салоҳиятини тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 7 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистонга қилган ишчи ташрифи якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
“Россия нафақат АЭС қурилишига ёрдам беришга тайёр, балки ўз таклифларини ҳам киритди. Биз Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўтказган референдумни кузатдик. У атом энергетикасини ривожлантириш режалари бўйича қўллаб-қувватлашга эга бўлди. “Росатом” ушбу масалани қозоғистонлик дўстларимиз билан ҳал қилиш учун ўз салоҳиятини тўлиқ тақдим этишга тайёр”, деди вазир.
Лавров, шунингдек, Россия бошқа давлатларнинг тегишли агентлик ва тузилмалари билан ҳамкорлик қилишга ҳам тайёрлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз , Қозоғистонда 6 октябрь куни АЭС қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтди ва унда қатнашганларнинг 70 фоиздан ортиғи бу ғояни қўллаб-қувватлади. Тахминан икки миллион киши, яъни овоз берганларнинг 28,88 фоизи бунга қарши чиқди. Станция Олмаота вилоятининг Жамбил тумани ҳудудидаги Улкен қишлоғида қурилиши мумкин. Бироқ, ҳозирча технологиялар етказиб берувчи танланмаган. Қозоғистон ҳукумати томонидан тўртта даъвогар компанияни ўз ичига олган “шорт-лист” тузилган. Улар Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг “Росатом” ва Франциянинг EDF компаниялари.
Шунингдек, АҚШ Савдо палатаси катта вице-президенти Хуш Чокси жорий йил октябрь ойида Олмаотага ишчи ташрифи чоғида Қўшма Штатлар Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича ҳалол тендер ўтказилишига умид қилаётганини ва унда иштирок этишга тайёрлигини билдирган.
Бундан ташқари, ўтган, 2023 йил баҳорда Қозоғистон NuScale ва GE Hitachi каби иккита Америка компанияси билан республикадаги биринчи АЭСни қуриш бўйича музокаралар олиб борган. Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги Атом энергетикаси ва саноати департаменти директори Сергазин Гумарга кўра, музокараларда кичик модулли реакторларга асосланган станция қуриш масаласи муҳокама қилинган.
LiveБарчаси