АҚШ Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича тендерда қатнашмоқчи
Олам
−
08 Октябрь
2970Қўшма Штатлар Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича ҳалол тендер ўтказилишига умид қилмоқда ва унда иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Савдо палатаси катта вице-президенти Хуш Чокси Олмаотага ишчи ташрифи чоғида маълум қилди.
“АЭС ҳақида гап кетганда АҚШ бу борада энг яхши технологияларга эга ва биз очиқ тендер ўтказилишига умид қиламиз. Бу эса Америка компанияларига ҳам унда қатнашишга имкон беради”, дейди Чокси.
Нашрга кўра, ўтган йил баҳорда Қозоғистон NuScale ва GE Hitachi каби иккита Америка компанияси билан республикадаги биринчи АЭСни қуриш бўйича музокаралар олиб борган. Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги Атом энергетикаси ва саноати департаменти директори Сергазин Гумарга кўра, музокараларда кичик модулли реакторларга асосланган станция қуриш масаласи муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 6 октябрь куни АЭС қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтди ва унда қатнашганларнинг 70 фоиздан ортиғи бу ғояни қўллаб-қувватлади. Тахминан икки миллион киши, яъни овоз берганларнинг 28,88 фоизи бунга қарши чиқди. Станция Олмаота вилоятининг Жамбил тумани ҳудудидаги Улкен қишлоғида қурилиши мумкин. Бироқ, ҳозирча технологиялар етказиб берувчи танланмаган. Қозоғистон ҳукумати томонидан тўртта даъвогар компанияни ўз ичига олган “шорт-лист” тузилган. Улар Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг “Росатом” ва Франциянинг EDF компаниялари.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь