Россиядан вояга етмаган болалар Ўзбекистонга қайтарилди
Олам
−
24 Декабрь
2435Россиядаги жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган Болалар уйидан ўзбекистонлик ёш болаларни репатриация қилиш тадбири амалиётда биринчи марта амалга оширилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси узоқ вақт давом этган тадбирлар натижасида Россиянинг Волгабўйи федерал округидаги Мордовия жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларининг вояга етмаган болаларини қайтариш жараёнларини муваффақиятли якунлаган.
“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош консулхона дипломатлари томонидан олиб борилган мақсадли музокаралар самараси ўлароқ, ўзбекистонлик болаларни Мордовиядаги жазони ижро этиш муассасаси ҳудудида жойлашган Болалар уйидан олиш бўйича келишувга эришилди. Вояга етмаган юртдошларимиз дипломатлар, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва мамлакатимиз тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида қабул қилиб олинди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой пойтахти Пекин шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси дипломатларининг Хитой томони билан олиб борган музокаралари натижасида ХХРда вақтинча истиқомат қилиши давомида мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган 11 нафар хотин-қизлар Ўзбекистонга қайтарилган эди.
LiveБарчаси