Ўзбекистон 1 январдан бошлаб BRICS'га ҳамкор давлат бўлади

Олам

image

Ўзбекистон 2025 йил 1 январдан расман BRICS’нинг ҳамкор давлати бўлади. Бу ҳақда Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

“Қозондаги саммит арафасида у ёки бу мақомда BRICS ишига қўшилиш учун 35 та ариза келиб тушди. Баъзи давлатлар дарҳол тўлиқ иштирок этишни хоҳлашди, бошқалари танланган тадбирларда кузатувчи сифатида иштирок этишни хоҳлашди. Шубҳа йўқки, саммитнинг муҳим натижаларидан бири BRICS бўйича ҳамкор давлатлар тоифасининг белгиланиши ва 13 давлат рўйхати бўйича келишув бўлди. Бу давлатларга тегишли таклифлар юборилди. Бугунги кунда Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда ва Ўзбекистондан BRICS’нинг ҳамкор давлати бўлишга тайёр эканликлари тасдиқланди. Яқин келажакда таклифномалар юборилган яна тўртта давлатдан жавоб кутамиз”, деди Ушаков брифингда.

Унинг қўшимча қилишича, “тасдиқланган тартибларга мувофиқ” ҳамкор давлатлар “BRICS саммитлари ва Ташқи ишлар вазирлари йиғилишлари доирасидаги алоҳида учрашувларга таклиф қилинади”.

“Хавфсизлик масалалари бўйича олий вакиллар йиғилишлари, парламент форумлари ва бошқа тадбирларга шерикларни жалб этишни тўғри деб биламиз. Ассоциация эшиклари ҳамфикрларимиз кириши учун очиқлигича қолмоқда. Айни пайтда BRICS мулоқотига йигирмадан ортиқ давлат қизиқиш билдирмоқда - Озарбайжон, Бангладеш, Баҳрайн, Буркина-Фасо, Венесуэла, Гондурас, Зимбабве, Камбоджа, Колумбия, Конго Республикаси, Лаос, Қувайт, Марокаш, Мьянма, Никарагуа, Покистон, Фаластин, Сенегал, Сурия, Чад, Шри-Ланка, Экваториал Гвинея ва Жанубий Судан", деб тушунтирди у.

Шу билан бирга, Ушаковнинг таъкидлашича, BRICS’ни "назоратсиз равишда кенгайтириш" "белини синдириш" деган маънони англатади.

“Бу борада босқичма-босқич ва мувофиқлаштирилган, тасдиқланган қадамлар керак, деб ҳисоблаймиз", дея хулоса қилди Ушаков.

Маълумот учун, BRICS бирлашмаси 2006 йилда ташкил этилган. Ҳозирда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср ва Эфиопия унинг аъзоларидир.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг