Россия Болтиқбўйидаги ҳарбий базаларини кенгайтирмоқда – ОАВ
Олам
−
12:32 771 2 дақиқа
Россиянинг Болтиқбўйи минтақасидаги ҳарбий иншоотлари аввалги ҳолатидан катталашган. Буни Финляндия ўзининг “Iceye” аэрокосмик компаниясининг сунъий йўлдошлари ҳарбий инфратузилманинг кенгайишини суратга олиши орқали аниқлаган. Бу ҳақда FAZ газетаси хабар берган.
Хабарга кўра, Калининград вилояти яқинида улкан радар станцияси қурилмоқда ва у 500 метрдан узун учта қатор антенналарга эга. Радар қурилмаси 3000 километргача масофада самолётлар ва ракеталарни аниқлай олади, деб тахмин қилинмоқда. Германия, Франция ва Буюк Британия унинг қамров зонасига киради.
“Iceye” сунъий йўлдошнинг тасвирлари Калининград вилояти умумий стратегик қалъага айланаётганини кўрсатган. Вилоятнинг ракетага қарши мудофаа, ҳаво кучлари ва Болтиқбўйи флоти мустаҳкамланмоқда. Айни пайтда у ерда йигирмадан ортиқ ҳарбий объектлар мавжуд ва янгилари қўшилмоқда.
Бундан ташқари, Россия Болтиқбўйи минтақасида ҳарбий самолётлар учун янги казармалар, ўқ-дорилар омборлари ва ҳимоя ангарларини қурмоқда.
“Умумий ҳисобда, улар Россияга минтақа бўйлаб кенг кўламли кузатув имкониятларини тақдим этади. Сунъий йўлдош алоқасини ушлаб олишдан тортиб, самолётлар ва баллистик ракеталарнинг ҳаракатини аниқлашгача”, дейилади сунъий йўлдош ҳисоботида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия Қуролли кучлари хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг ёмонлашуви фонида тахминан 100 миллион евро миқдорида бир миллион дона пиёдаларга қарши мина харид қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Жўраев Шаҳриёр
Live
Барчаси21 Октябрь