Россия Блинкеннинг Эрон Президенти вафотидан хурсандлигига муносабат билдирди
Олам
−
22 Май
16626Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен даражасидаги дипломат Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг вафотидан хурсанд бўлишни ўзига эп кўришига ишониш қийин. Кремль вакилига кўра, бу ноқулай ва ғалати баёнот.
“Ростини айтсам, мен бу баёнотнинг аслини кўрганим йўқ. Дипломатнинг, хусусан, Америка Қўшма Штатлари каби давлатнинг юқори мартабали вакилининг бутун бир халққа нисбатан бундай, дипломатик нуқтайи назардан, ноқулай баёнот ва моҳиятан ғамгин баёнот беришига ишониш қийин”, дейди Песков журналистлар билан суҳбатда.
Аввалроқ Блинкен Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасидаги тингловда расмий ҳамдардликларига қарамай, АҚШ Эрон Президентининг вафоти муносабати билан мотам тутмаётгани ҳақида баёнот берган эди. Унинг сўзларига кўра, Эрон Президентининг вафотидан кейин дунё, жумладан Эрон халқи ҳам яхшироқ кун кечиради.
Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши маълум қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь