Песков Киевни кескин огоҳлантирди
Олам
−
15:22 3421 2 дақиқа
Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Украинанинг Россиядаги иқтисодий ва савдо инфратузилмасига бераётган зарбаларига Москва томонидан кескин жавоб қайтарилишини айтди. Бу ҳақда у “Bloomberg” агентлигига берган изоҳида маълум қилди.
“Украина бизнинг иқтисодий ва савдо инфратузилмамизга зарба беришга уринмоқда. Бу биз томондан жавоб чораларини кўришга сабаб бўлмоқда ва бу жавоб кескин бўлади”, деган Песков.
Қайд этилишича, Кремль вакили Россияга “ҳарбий эскалация” керак эмаслигини ҳам таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Россия махсус ҳарбий операция доирасида усиз ҳам олдинга силжимоқда.
“Агар сиз ҳарбий ҳаракатларнинг кучайиши ҳақида гапираётган бўлсангиз, бу бизга шунчаки керак эмас, чунки биз барибир олдинга силжияпмиз”, дея қўшимча қилган Песков.
У бу фикрларини “Bloomberg”нинг Россия Украина ҳудудидаги зарбаларни кучайтиришга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарига изоҳ бераётганида билдирган. Нашр маълумотига кўра, бунга Украина бўйича тинчлик музокараларининг боши берк кўчага кириб қолгани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат ҳарбийлари сўнгги бир сутка ичида Россия ҳудудидаги 16 та муҳим нишонга зарба берганини маълум қилган эди. Шунингдек, бугун, 27 август куни Россиянинг Оренбург ва Уфа шаҳарларидаги Ozon компаниясининг логистика объектлари Украина дронлари ҳужумига учраган.
Live
Барчаси