Украинанинг навбатдаги “севимли нишони” Ozon яна дронлар ҳужумига учради (видео)

Олам

image

Россиянинг Оренбург ва Уфа шаҳарларидаги Ozon компаниясининг логистика объектлари бугун, 27 августга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужумига учради. Бу ҳақда компания ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Компания маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида ходимлар эвакуация қилинган, дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ.

Қайд этилишича, ҳужум оқибатида объектларда ёнғин юзага келмаган. Оренбургдаги логистика объекти фаолиятини қайта тиклаган.

Уфадаги логистика мажмуаси эса кичик зарар кўрган. Ҳудудни тўлиқ текшириш зарурати сабабли объект вақтинча ёпилган. Ҳозирча Уфа шаҳрида сотувчилардан келаётган жўнатмалар қабул қилинмаяпти, йўлда бўлган юклар эса бошқа логистика объектларига йўналтирилмоқда.

“Уфадаги етказиб беришларни ҳозирча қабул қилмаймиз, йўлда бўлганларини бошқа объектларга йўналтирамиз. Мижозлар одатдагидек буюртма беришлари мумкин”, дейилади компания хабарида.

Шунингдек, 27 августга ўтар кечаси Оренбург вилоятида дрон ва ракета хавфи эълон қилинган. Оренбург ва Уфа аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга вақтинча чекловлар жорий этилган.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, тун давомида мамлакат ҳудудлари устида 267 та Украина дрони ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган ёки тутиб қолинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 август тонгида Россиянинг Тамбов вилоятидаги Котовск шаҳридаги Wildberries логистика маркази Украина дронлари ҳужуми оқибатида ёниб кетган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг