Россия Белгородда 70 дан ортиқ “диверсант”лар йўқ қилинганини эълон қилди
Олам
−
24 Май 2023
7327Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Белгород вилояти ҳудудига бостириб кирган 70 дан ортиқ диверсант йўқ қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 23 май куни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков маълум қилди.
Вазирликнинг даъво қилшича, Украина Бахмут шаҳрида мағлубиятга учрагач тинч аҳолига қарши террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ўтган.
“22 май куни “Козинка” халқаро назорат-ўтказиш пункти, шунингдек, Белгород вилоятининг Грайворон туманидаги бошқа бир қатор фуқаролик объектлари интенсив артиллериядан ўққа тутилгандан сўнг, украин миллатчи тузилмаси бўлинмаси Россия Федерацияси ҳудудига бостириб кирди. Аксилтеррор операцияси давомида ҳаво ҳужумлари, артиллерия ўқлари ва Ғарбий ҳарбий округ Давлат чегараси қўриқлаш бўлинмаларининг фаол ҳаракатлари натижасида миллатчи тузилмалар блокланди ва тор-мор этилди. Миллатчиларнинг қолдиқлари Украина ҳудудига қайтарилди, у ерда улар бутунлай йўқ қилинмагунча отишма давом этди”, деган Конашенков.
Шунингдек, у 70 дан ортиқ украиналик, тўртта зирҳли жанговар машина ва бешта пикап йўқ қилинганини маълум қилган.
Бундан ташқари, вилоят губернатори 12 нафар тинч аҳолининг жароҳатланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Украина Қуролли Кучларининг асосан руслардан ташкил топган ҳарбий қисмлари – “Рус кўнгиллилари корпуси” ва “Россия озодлик легиони” Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород вилоятига ҳужм бошлаган эди. Шундан сўнг тинч аҳоли Белгородни оммавий равишда тарк эта бошлаганди.
LiveБарчаси