Россия 36 мамлакат билан парвозларни тақиқлади
Олам
−
28 Февраль 2022
18407Россия Федерацияси дунёнинг 36 мамлакати авиакомпанияларига парвозларни тақиқлади. Бу ҳақда Федерал ҳаво транспорти агентлиги хабар бермоқда.
“Халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Эвропа давлатларининг Россия авиаташувчилари томонидан бошқариладиган ва / ёки Россияда рўйхатдан ўтган фуқаролик самолётларининг парвозларини тақиқлашига жавоб сифатида, 36 та давлат авиаташувчиларининг парвозларини амалга оширишга чеклов жорий этилди”, дейилади хабарда.
Булар қуйидаги давлатлардир: Австрия, Албания, Ангилья, Бельгия, Болгария, Британия Виржиния ороллари, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Гибралтар, Греция, Дания (шу жумладан Гренландия, Фарер ороллари ва ҳудудий денгиз), Жерси, Ирландия, Исландия, Испания, Италия, Канада, Кипр, Латвия, Литва, Люксембург, Мальта, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Словакия, Словения, Финляндия, Франция, Хорватия, Чехия, Швеция, Эстония.
“Ушбу мамлакатлардан парвозлар Федерал ҳаво транспорти агентлиги ёки Россия ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган махсус рухсатнома билан амалга оширилиши мумкин”, дея қайд этди агентлик.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси