Расмий Анқара Жамол Қошиқчининг қотилларини Туркияга беришни талаб қиляпти
Олам
−
08 Сентябрь 2020
5346Кеча, 7 сентябрь куни Саудия Арабистони судида Истанбулдаги Саудия Арабистони Бош консуллиги биносида “The Washington Post” газетаси журналисти Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши юзасидан маҳкама бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Қироллик Бош прокуратурасининг расмий вакили қотилликда айбланган саккиз кишининг беш нафарига 20 йил қамоқ жазоси тайинлангани, бир киши ўн ва яна икки нафар айбланувчи етти йилга қамалганини маълум қилди.
Расмий Анқара мазкур қотиллик бўйича судни Саудия Арабистонида эмас, балки Қошиқчи ўлдирилган Истанбулда ташкил этилиши тарафдори ҳамда Ар-Риёдни журналистнинг қотиллигига алоқадорларни экстрадиция қилишга чақиради. Бу ҳақдаги баёнот бугун, 8 сентябрь куни Туркиянинг бош ахборот агентлиги “Анадолу”да эълон қилинди.
Расмий Анқара жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар эътиборини Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича суд иши Туркияда давом этаётганига қаратади.
“Эътибор беринг, Саудия Арабистони дипломатик ваколатхонасида юз берган қотиллик бўйича суд жараёни Истанбулда давом этмоқда.
Тергов натижаларига кўра, Туркия прокуратураси судга журналистнинг қотиллигига алоқадор 20 кишининг исм-шарифлари кўрсатилган 117 варақли айблов хулосасини топширган. Уларнинг барчаси халқаро қидирувда”, дейилади расмий хабарда.
Жорий йилнинг 3 июль куни Истанбулда Жамол Қошиқчи жинояти бўйича биринчи суд эшитуви бўлиб ўтди. Унда Қошиқчининг қаллиғи Ҳадича Ченгиз ҳам иштирок этиб, гувоҳлик берди.
2018 йилнинг 2 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Саудия Арабистони Бош консуллигига фуқаролик масаласини ҳал қилиш учун борган халқаро журналист Жамол Қошиқчи бинога кирганча, қайтиб чиқмаган эди. Мазкур воқеа бутун дунёни жумбушга келтирди. Орадан бир йилга яқин вақт ўтиб, Қошиқчи консулик биносиди ўлдирилгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида ушбу иш бўйича беш судланувчи ўлимга ҳукм қилинган, яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. Ушбу ишда жами 11 киши жалб этилган. 25 март куни Истанбул прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 20 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган
LiveБарчаси