Эрдўғаннинг маъмурияти Саудия Арабистонига Қошиқчи масаласида талаб қўйди
Олам
−
03 Октябрь 2020
6311Туркия Республикаси Президенти маъмурияти саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг шафқатсиз ўлдирилиши юзасидан адолатли тергов ўтказишга чақирди.
“Биз ҳаммамиз Қошиқчи қотилларини биламиз ва адолатни талаб қилишга ҳақлимиз. Саудиялик қотилларни Туркияга юборинг. Улар жамоатчилик учун очиқ бўлган суд олдида ҳозир бўлишларига ва қилмишлари учун жавоб беришларига йўл қўйинглар”, деб ёзди Туркия Президенти маъмурияти Жамоатчилик билан алоқалар департаменти раҳбари Фахреддин Алтун Twitter’даги саҳифасида.
Кеча, 2 октябрь куни “Washington Post” газетаси мухбирининг Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигида ўлдирилганига 2 йил тўлди.
“Қошиқчи Саудия Арабистонидан дипломатик ваколатхонага қотиллар гуруҳи келганини билмаган эди”, деб эслади Алтун жиноятга алоқадор бўлганлар ҳали ҳам адолатдан қочиб қутулаётганларини таъкидлаб.
Саудия Арабистонида суд ташкил этилди, ундан кейин қотиллар озод қилинди, дейди у.
Унинг қайд этишича, Туркиядаги прокуратура, ички ишлар вазирлиги ва экспертлар жиноятчиларни судга тортиш учун ҳанузгача ишламоқда. "Ушбу жиноятга ойдинлик киритиши мумкин бўлган ягона тергов бу Туркия томонидан олиб борилган тергов ҳаракатларидир", деди Алтун.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7 сентябрь куни Саудия Арабистони судида Истанбулдаги Саудия Арабистони Бош консуллиги биносида “The Washington Post” газетаси журналисти Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши юзасидан маҳкама бўлиб ўтди.
Қироллик Бош прокуратурасининг расмий вакили қотилликда айбланган саккиз кишининг беш нафарига 20 йил қамоқ жазоси тайинлангани, бир киши ўн ва яна икки нафар айбланувчи етти йилга қамалганини маълум қилди.
Расмий Анқара мазкур қотиллик бўйича судни Саудия Арабистонида эмас, балки Қошиқчи ўлдирилган Истанбулда ташкил этилиши тарафдори эканини маълум қилиб, Ар-Риёдни журналистнинг қотиллигига алоқадорларни экстрадиция қилишга чақирди.
Жорий йилнинг 3 июль куни Истанбулда Жамол Қошиқчи жинояти бўйича биринчи суд эшитуви бўлиб ўтди. Унда Қошиқчининг қаллиғи Ҳадича Ченгиз ҳам иштирок этиб, гувоҳлик берди.
2018 йилнинг 2 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Саудия Арабистони Бош консуллигига фуқаролик масаласини ҳал қилиш учун борган халқаро журналист Жамол Қошиқчи бинога кирганча, қайтиб чиқмаган эди. Мазкур воқеа бутун дунёни жумбушга келтирди. Орадан бир йилга яқин вақт ўтиб, Қошиқчи консулик биносиди ўлдирилгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида ушбу иш бўйича беш судланувчи ўлимга ҳукм қилинган, яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. Ушбу ишда жами 11 киши жалб этилган. 25 март куни Истанбул прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 20 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган.
Туркиядаги кейинги суд мажлиси жорий йилнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида
Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини хабар қилди. Халқаро ҳамжамият ушбу жиноятни қоралаб, Риёдни шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь