Лондон Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича шаффоф терговни талаб қиляпти
Олам
−
09 Сентябрь 2020
5109Буюк Британия саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида айбдорларни жавобгарликка тортадиган “пухта, ишончли ва шаффоф терговни доимий равишда талаб қилади”. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда сўз боради.
Ташқи ишлар вазирлиги расмий Лондон "қотилликда иштирок этган 20 нафар Саудия Арабистони фуқаросига, жумладан шу ҳафта ҳукм қилинган саккиз кишига қарши санкциялар қўллаганини" эсга олди.
"Қотиллик учун масъул бўлганлар ушбу даҳшатли жиноят учун жавобгарликка тортилиши адолатдан ва биз доимо Саудия Арабистони бундай ҳолат такрорланмаслигини таъминлаши кераклигини таъкидлаймиз", дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Саудия Арабистони суди душанба куни Истанбулдаги Саудия Арабистони Бош консуллиги биносида журналист Жемал Касикчининг ваҳшийларча ўлдирилиши бўйича суд ҳукми эълон қилинди.
Суд бешта айбланувчини ҳар бирига 20 йил, уч кишига 7 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг суддан ташқари қотиллик бўйича махсус маърузачиси Агнес Калламар Саудия Арабистони судининг журналист Жамол Кашикчининг ўлдирилиши бўйича ҳукмини юқори мартабали шерикларига жазодан қочишга имкон берган "адолат пародияси" деб атади.
Жорий йил7 сентябрь куни Саудия Арабистони судида Истанбулдаги Саудия Арабистони Бош консуллиги биносида “The Washington Post” газетаси журналисти Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши юзасидан маҳкама бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Қироллик Бош прокуратурасининг расмий вакили қотилликда айбланган саккиз кишининг беш нафарига 20 йил қамоқ жазоси тайинлангани, бир киши ўн ва яна икки нафар айбланувчи етти йилга қамалганини маълум қилди.
Расмий Анқара мазкур қотиллик бўйича судни Саудия Арабистонида эмас, балки Қошиқчи ўлдирилган Истанбулда ташкил этилиши тарафдори эканини маълум қилиб, Ар-Риёдни журналистнинг қотиллигига алоқадорларни экстрадиция қилишга чақирди.
Маълумот ўрнида
Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини хабар қилди.
Саудия Арабистони Бош прокурори 2018 йил 15 ноябрда терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилди: қиролликнинг 11 фуқароси қотилликка алоқадорликда айбланиб, улардан беш нафари ўлим жазосига маҳкум этилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.
Истанбул прокуратураси эса Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 20 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган.
LiveБарчаси