“Унинг ўлганини ҳамма қатори ОАВдан эшитдим”. Ҳадича судда гувоҳлик берди
Олам
−
04 Июль 2020
50342Аввал хабар берганимиздек, кеча, 3 июль куни Истанбулда 2018 йилнинг 2 октябрь куни Истанбул шаҳрида жойлашган Саудия Арабистони консулигига кириб кетиб, қайтиб чиқмаган, кейинроқ, ўлдирилгани аниқланган журналист Жамол Қошиқчи жинояти бўйича биринчи суд эшитуви бўлиб ўтди. Унда Қошиқчининг қаллиғи Ҳадича Ченгиз ҳам иштирок этиб, гувоҳлик берди.
Тергов натижаларига кўра, прокуратура Саудия Арабистонининг Истанбулдаги дипломатик ваколатхонасида юз берган қотилликда иштирок этган 20 кишининг исмини 117 саҳифали айблов хулосасига киритди. Уларнинг барчаси халқаро қидирувга берилган.
"Консулликда унга бирор нарса қилишларини ўйламаган эдим"
“Биз Жамол билан 2018 йилнинг 6 май куни танишганмиз.
2018 йилнинг 2 октябрь куни у Лондондан Истанбулга келди. У шу куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига бориб, никоҳимизни расман қайд эттиришимиз учун лозим бўлган ҳужжатларни олиши керак эди.
Жамол бош консулликка қўнғироқ қилди ва араб тилида Султон исмли киши билан гаплашди. 15-20 дақиқадан кейин ўша киши Жамолга қўнғироқ қилди ва ҳужжатларни олиб кетиши мумкинлигини айтди. Шундан кейин консуллик ҳақида оғиз очмади.
Биз консулликка таксида бордик. Мен ташқарида қолдим, Жамол эса ичкарига кириб кетди. Очиғи, консулликда унга бирор нарса қилишларини ўйламаган эдим”.
Қошиқчи келишилган ҳолда соат 13:15 да қаллиғи Ҳадича Ченгиз билан консуликка келади. Ҳадича Ченгиз уни ташқарида кутиб туради. Журналист эса қўл телефонини киришдаги қоровулга қолдиришни ва ундаги маълумотлар бошқалар қўлига етиб боришини истамай, уни бўлажак турмуш ўртоғига беради.
Жамол Қошиқчи ичкарига киргач, Ҳадича Ченгиз уни сал кам икки соат кутади. Соат 15:30 да у қоровулнинг ёнига бориб, бўлажак турмуш ўртоғи Жамол Қошиқчининг ичкарига кириб кетгани, икки соатдан буён ундан хабар йўқлиги ва хавотир олаётганини айтади. Қоровул эса ичкаридаги ҳолатдан бехабарлигини маълум қилади.
Ҳадича Ченгиз Жамол Қошиқчи консуллик биносидан чиқавермагач, унинг яқин дўсти профессор Ясин Актайга қўнғироқ қилади. Суд мажлисида судья “сизга буни Жамол Қошиқчи айтганми?”, деган савол билан Ҳадичага юзланади.
“Йўқ, у айтмаган. Мен нафақат Ясин Актайга, балки Турон Қишлоқчига ҳам қўнғироқ қилдим”, дейди аёл.
"Унинг ўлганини ОАВдан эшитдим"
“Консуллик биноси атрофида дипломатик ваколатхонанинг чақириқларидан кейин журналистлар тўплана бошлади. Мен у ерда соат 01:40 гача қолдим. Уч журналист бор эди. Улар кутманг дейишди ва янгилик бўлса хабар беришларини ваъда қилишди. Мен эса Жамол билан тўйдан кейин яшамоқчи бўлган уйимизга бордим. Жамол ҳам консулликдан чиққач, шу ерга келади деб ўйладим”
Мен ҳам унинг вафот этгани ҳақидаги хабарни бошқалар қатори оммавий ахборот воситаларидан эшитдим”.
Судьялар ҳайъати раиси “Саудия Арабистони мулозимлари у билан учрашганмиди”, деган савол билан Ҳадича Ченгизга юзланди.
“Йўқ. Жамолни консулликка алдов йўли билан чақиришди. Бу катта хиёнат эди. Менинг қотиллик ҳақида олдиндан билган ва бунга буйруқ берган одамларнинг ҳар бири устидан шикоятим бор”, дейди аёл.
Ҳадича Ченгиз кейинги суд мажлисларида ҳам иштирок этиш учун изн сўради.
Кейинги суд мажлиси жорий йилнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтиши белгиланди.
Маълумот ўрнида
Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини хабар қилди. Халқаро ҳамжамият ушбу жиноятни қоралаб, Риёдни шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
Саудия Арабистони Бош прокурори 2018 йил 15 ноябрда терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилди: қиролликнинг 11 фуқароси қотилликка алоқадорликда айбланиб, улардан беш нафари ўлим жазосига маҳкум этилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.
Истанбул прокуратураси эса Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 20 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган.
LiveБарчаси