Расман: Лола Каримова эри билан ажрашди
Жамият
−
23 июн 15033 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг кенжа қизи Лола Каримова турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан расман ажрашганини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram’даги постига қолдирган изоҳида ёзган.
.jpg)
47 яшар Лола Каримова кеча, 22 июнь куни бино лифтида пиён гуллар билан тушган суратини жойлаб, шундай деб ёзди:
“Ўзимга гуллар олдим. Ўзимни танладим. Расман ажрашдим. Ва бахтлиман. Олдинда чинакамига меники бўлиб туюладиган ички ҳаёт бор”.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди. Унинг вафотидан кейин оиланинг кенжа қизи Лола Каримова Ўзбекистондаги барча лавозимлари ва бизнесларини ташлаб, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтди.
У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик маҳсулотлари брендига ҳам асос солган.
Оиланинг тўнғичи Гулнора Каримова бир неча айбловлар билан ҳибсда қолмоқда. Каримовнинг набираларидан Марям Тилляева ҳам Тошкентда яшамоқда. У ота-онаси билан муносабатларини узган.
Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Темур Тилляев – йирик тадбиркор. У оммавий ахборот воситаларида кам кўриниш беришни афзал кўрадиган, соядаги йирик бизнес вакилларидан бири сифатида танилган. Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида энг йирик улгуржи савдо марказларидан бири бўлган "Абу Сахий" бозори (ва шу номдаги халқаро юк ташиш/логистика компанияси) у билан боғланган. Ислом Каримовнинг вафотидан кейин, 2017 йил охирида ушбу бозор бошқа эгаларига ўтгани эълон қилинган эди.
Ҳозирда у асосан хорижда (АҚШ ва Европа) логистика, савдо ва кўчмас мулк соҳасидаги халқаро бизнес лойиҳаларини бошқаради.
Лола Каримова ва Темур Тилляевнинг икки қиз, бир ўғли бор. Тўнғич қиз – Марям Тилляева 2021 йил россиялик блогер Амиран Сардаров билан турмуш қурган ва 2023 йил у билан расман ажрашган эди.
Live
Барчаси