Расман: Эрон АҚШдан қасос олиш учун пайт пойлаяпти
Олам
−
03 Январь 2023
14830Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК)нинг “Ал-Қудс” махсус кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун АҚШдан ўч олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бу ҳақда “Ал-Маядин” телеканали хабар беришича, бугун, 3 январь куни Теҳронда эронлик қўмондон, ИИҚК қўмондони вафотининг уч йиллиги муносабати билан ўтказилган мотам маросимида генерал-лейтенант Ҳусайн Саламий маълум қилган.
“Эрон бу ҳужум учун АҚШдан ўч олиш қароридан қайтмади. Қасос операцияси тайёрланмоқда ва керакли вақтда керакли жойда амалга оширилади”, дейди у.
Аввалроқ Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳий IRNA ахборот агентлигига у раҳбарлик қилаётган Ташқи ишлар вазирлиги ва Эрон адлия тизими Бағдод аэропортидаги террорчилик жинояти ташкилотчилари ва айбдорларини жавобгарликка тортиш учун жиддий иш олиб бораётганини маълум қилганди.
“Ал-Қудс” кучлари қўмондони ва унга ҳамроҳлик қилган Ироқ Ал-Ҳашд аш-Шаби тузилмалари қўмондони ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис 2020 йил 3 январда АҚШ ҳаво кучларининг Бағдод аэропорти яқинида ракета ҳужуми натижасида ҳалок бўлди. Бунга жавобан 2020 йил 8 январга ўтар кечаси Эрон Ироқдаги америкалик ҳарбийлар томонидан фойдаланилган иккита объектга ракета ҳужуми уюштирди.
Бугун, 3 январь куни Эрон Ислом Республикаси Олий суди раҳбарининг халқаро ишлар бўйича ўринбосари ва Инсон ҳуқуқлари кенгаши котиби Козим Ғариб Абадий IRNA ахборот агентлигига Генерал Сулаймоний ва ал-Муҳандиснинг Теҳрон ва Бағдодда ўлдирилиши факти бўйича 94 америкалик фуқарога нисбатан сиртдан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Асосий айбланувчилар орасида АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп, Давлат департаментининг собиқ раҳбари Майкл Помпео ва АҚШ армияси марказий қўмондонлиги собиқ раҳбари Кеннет Маккензи бор.
“Илгари Эрон ва Ироқ адлия органлари ўртасида қўшма қўмита ташкил этилган, уч раунд учрашувлари ўтказилган ва декабрь ойи охирида биз 8-9 январь кунлари тўртинчи раундни ўтказишга келишиб олдик”, дейди у.
Сулаймонийнинг ўлдирилиши
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 3 январь куни АҚШнинг Бағдод халқаро аэропортига уюштирган ҳаво ҳужуми натижасида Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилганди. Бунга расмий Теҳрон 8 январь куни Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ракета зарбаси бериш билан жавоб қайтарди. АҚШ ҳужум натижасида қурбонлар йўқлиги, зарар кам эканини маълум қилди.
Пентагон Сулаймонийни йўқ қилиш буйруғи шахсан собиқ Президент Дональд Трамп томонидан берилганини маълум қилди. Шундан сўнг икки давлат ўртасида уруш чиқиши хавфи ортиб кетганди.
Сулаймоний Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Ливия каби мамлакатларда Эрон сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган.
Бир томондан, Сулаймоний Қўшма Штатларга қарши курашган гуруҳларнинг қўмондони вазифасини бажарган бўлса, бошқа томондан у Ироқда АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда муҳим роль ўйнаган. Шу муносабат билан Сулаймоний нафақат қўмондон, балки яхши дипломат сифатида ҳам танилган эди.
Қосим Сулаймоний, шунингдек, Оятуллоҳ Али Ҳоманаийдан кейин Эроннинг хавфсизлик сиёсатини шакллантиришдаги энг таъсирчан исмлардан бири бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь