Рамзан Қодиров Пригожиннинг ўлимини Россия учун катта йўқотиш деб атади
Олам
−
25 Август 2023
12197Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Евгений Пригожиннинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, унинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга қўшган ҳиссасини қайд этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
"Шубҳасиз, у “махсус ҳарбий операция”ни ўтказишга катта ҳисса қўшган. Ва бу хизматларини ундан тортиб олиб бўлмайди. Унинг вафоти бутун мамлакат учун катта йўқотишдир. Евгений Викторовичнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман", дейди Қодиров.
Унинг таъкидлашича, Пригожин билан бирга у кўп марта қийин масалаларни ҳал қилишга мажбур бўлган.
"Биз унга Ливия ва Африкадаги баъзи масалаларда ҳам ёрдам бердик. Бизни кўп нарса боғлади", дея қўшимча қилган Қодиров.
Шу билан бирга, у Пригожин сўнгги пайтларда мамлакатда содир бўлаётган воқеаларнинг тўлиқ тасвирини кўра олмаганини таъкидлаган.
"Мен ундан муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ишлар учун шахсий амбицияларини тарк этишини сўрагандим. Қолган ҳамма нарса кейинроқ ҳал қилиниши мумкин. Аммо у шундай одам эди. Пригожин ўзининг темир характери билан мақсадига шу ерда ва ҳозир эришишни истарди", деб ёзади Чеченистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. Кеча, 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди.