Рақибни менсимаслик энг катта хатомиз бўлади – Ҳамробеков
Спорт
−
20 Март 3608 2 дақиқа
Бугун, 20 март куни 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич “А” гуруҳи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон-Қирғизистон учрашуви олдидан матбуот анжуманида мезбонлар ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробеков бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Аввало, футболчилар номидан жаноб Сречко Катанецга уч ярим йиллик фаолияти учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Унга соғлик тилаймиз. Учрашувнинг нақадар муҳимлигини барчамиз ҳис қиляпмиз. Жамоа сифатида бирдамликда ҳаракат қилиб, олдимизга қўйилган вазифани уддалашимиз керак. Бунга бутун жамоа билан пухта тайёргарлик кўрдик”, дейди футболчи.
Матбуот анжуманида Ҳамробеков рақибни менсимаслик салбий натижага олиб келишини маълум қилди.
“Майдонда ном эмас, футболчилар ҳаракат қилади. Агар рақибни менсимасак, бу бизнинг энг катта хатомиз бўлади. Истакларимиз рақиб жамоаникидан юқори бўлсагина, ўз устунлигимизни намоён эта оламиз. Ўйинчиларнинг даражаси ана шунда кўринади. Қирғиз Республикасини ҳурмат қиламиз, лекин 90 дақиқа ичида ҳар қандай рақибни мағлуб этиш мумкин. Рақиб жамоанинг ҳозирги ҳолати бизни чалғитмаслиги керак”, дейди Ҳамробеков.
Ҳамробеков ўз уйида мухлислар қаршисида ўйнаш футболчиларга қўшимча куч бўлишини айтди.
“Мухлислар билан тўлган стадионда футбол ўйнаш мезбон жамоага ҳар томонлама ёрдам беради, шу билан бирга, футболчилар зиммасидаги масъулиятни ҳам оширади. Ички чемпионатимиз ўйинларида майдон ҳолати аъло даражада эди. Ўйлайманки, бу биз учун муаммо бўлмайди”, дейди ярим ҳимоячи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Темур Кападзе баҳс олди ўз фикрлари билан ўртоқлашганди.