Раисийнинг дафн маросими қачон ва қаерда ўтказилиши маълум бўлди

Олам

image

Авиаҳалокатда ҳалок бўлган Эрон Президенти Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳларини дафн этиш маросими 23 май куни кечқурун мамлакат шимоли-шарқидаги она шаҳри Машҳадда бўлиб ўтади. Бу ҳақда дафн маросимини ташкил этиш қўмитасига раҳбарлик қилган республика президенти вазифасини бажарувчи Моҳсин Мансурий маълум қилди.

Унга кўра, марҳумлар Машҳаддаги Имом Ризо мақбарасига дафн этилади. Бундан олдин, бугун, 21 май куни Табризда (Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти) видолашув маросими бўлиб ўтади.

Машҳад зиёрат маркази ва Эрон аҳолисининг асосий қисмини ташкил этувчи шиа мусулмонлари учун асосий муқаддас шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.

Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.

Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Иброҳим Раисий Эрон Президенти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг