Раисийнинг вертолёти ортиқча юк туфайли ҳалокатга учради – “Fars”
Олам
−
22 Август
8281Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий ҳалок бўлган авиаҳалокат бахтсиз ҳодиса деб топилди. Бу ҳақда мамлакат разведка хизматларидаги манбага таяниб, Эроннинг “Fars” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, текширув доирасида Эрон разведка идоралари “30 мингга яқин одамни” текшириб, президент вертолёти ҳалокатига инсон хатоси сабаб бўлиши эҳтимолини истисно қилган.
Шунингдек, бортда ҳеч қандай кимёвий ёки заҳарли моддалардан фойдаланиш излари ҳам топилмаган. Бундан ташқари, разведка хизматлари вертолётнинг электрон тизимларига масофадан таъсир қилиш ва саботаж қилиш имкониятини истисно қилди.
“Fars” манбасига кўра, самолёт ҳалокатига икки омил сабаб бўлган: об-ҳаво шароити ва ортиқча юк. Вертолёт белгиланган вақтдан кечроқ учгани ва шу пайтгача об-ҳаво ёмонлашгани айтилган.
“Президентни олиб кетаётган вертолётда хавфсизлик протоколларида назарда тутилганидан икки киши кўпроқ бўлган ва учувчи туманни пайқаб, вертолётни тўғри баландликка олиб чиқишга уринганида, вертолёт чекланган шароитда бунга етарлича кучга эга бўлмаган. Туман туфайли кўриш имкони бўлмаган, тоғ билан тўқнашув содир бўлган”, дейилади мақолада.
Эрон Бош штаби “Fars” агентлиги манбалари версияси ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди.
“Fars”даги вертолёт ҳалокатига сабаб бўлган омиллардан бири хавфсизлик протоколларига зид равишда бортда яна икки йўловчининг бўлгани, шу сабабли вертолёт керакли баландликка етиш учун етарли қувватга эга бўлмагани ҳақидаги маълумот ёлғондир”, дейилади Бош штаб баёнотида.
Маълумот учун, Эрон президенти Иброҳим Раисий ва бошқа юқори мартабали амалдорларни олиб кетаётган вертолёт 19 май куни Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётганида ҳалокатга учраган. Самолётда бўлганларнинг ҳеч бири ҳалокатдан омон қолмаган.
Июль ойида Эрондаги президентлик сайловларида ислоҳотчи Масъуд Пезешкиён ғалаба қозонган эди.