Раҳмоналиев жамоаси ЕЧЛда қанча ишлаб олиши маълум бўлди
Спорт
−
18:46 592 2 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Умарали Раҳмоналиев тўп сурадиган Озарбайжоннинг “Сабаҳ” клуби UEFA Чемпионлар лигасидан камида 20,18 миллион евро даромад олади. Бу ҳақда “Idman” нашри хабар берди.
Манбага кўра, 2026-2027 йилги мавсум учун Европа клуб мусобақалари даромадларини тақсимлаш тизимига асосан, Чемпионлар лигасининг умумий босқичидаги 36 та клубнинг ҳар бири 18,62 миллион евро миқдорида бошланғич тўлов олади.
Бу сумма “Value Pillar” тизими орқали бериладиган тўловлар билан тўлдирилади. Унда мамлакатнинг телевизион бозори қиймати ва клубнинг коэффициенти ҳисобга олинади. Минимал улуш ҳисобида “Сабаҳ” “Value Pillar”нинг Европа қисми учун 935 минг евро, Европадан ташқари қисми учун эса 346 минг евро олади.
Клуб умумий босқичда 36-ўринни эгаллагани учун яна 275 минг евро бонусга эга бўлади. Шу тариқа, жамоа умумий босқичдаги саккизта учрашув натижалари ҳисобга олинмаган ҳолда, камида 20,176 миллион евро ишлаб олади.
UEFA ҳар бир ғалаба учун 2,1 миллион евро, дуранг учун эса 700 минг евро тўлайди. Шу сабабли “Сабаҳ”нинг умумий даромади турнирдаги натижалари ва якуний ўрнига қараб яна ошиши мумкин.
“Сабаҳ” саралаш босқичлари учун қўшимча тўлов олмайди. UEFA қоидаларига кўра, Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичидан ўтиб, умумий босқичга чиққан клублар марказлаштирилган даромадларни тақсимлаш тизимига ўтади ва стандарт саралаш тўловларини олмайди.
Таққослаш учун, 2025-2026 йилги мавсумда Чемпионлар лигасининг умумий босқичида иштирок этган “Қорабоғ” ҳам минимал ҳисобда 20,176 миллион евро даромад олган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Сабаҳ” Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида Исроилнинг “Хапоэль Беэр-Шева” клубини икки ўйин натижасига кўра 6:4 ҳисобида мағлуб этди. Бокудаги жавоб учрашувида Умарали Раҳмоналиев жамоаси қўшимча вақтда 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Live
Барчаси