“SHOVOTLANDIA” – ЯКУН! Адолат кафега қўшилиб ёндими?
Таҳлил
−
04 Ноябрь 2022
23880Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг 27 февраль куни, тунги соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган "SHOVOTLANDIA" кафесида ёнғин содир бўлиб, унинг оқибатида, кафе ичида бўлганлар – 1998 йилда туғилган Ж.Ж., 1998 йилда туғилган Х.Х., 1961 йилда туғилган А.Б., 1999 йилда туғилган Б.М. ва 1996 йилда туғилган А.Ш. суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, ис газидан заҳарланиш фонида, тананинг 100 фоиз 3-4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этганди.
Бош прокуратура ҳолатга изоҳ бериб, ушбу жиноятни муқаддам Жиноят кодекси (ЖК)нинг учта моддаси билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи Ф.С. томонидан содир этилгани, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми "б", "в" бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
21 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида "SHOVOTLANDIA" иши юзасидан суд ҳукми ўқилди. Ҳукм билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли Рустам Абдураҳимовга Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг "а", "в", "д", "ж", "п" бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг "б", "в" бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Фахриддин Сайфиев Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг "а", "в", "д", "ж", "п" бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг "б", "в" бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Судланувчилар Р.Абдураҳимов ва Ф.Сайфиевнинг оила аъзолари томонидан киритилган апелляция аризасига кўра, 2022 йилнинг 3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида апелляция суди бошланди.
Шу ўринда QALAMPIR.UZ'нинг "SHOVOTLANDIA" ишини ёритишига тўхталиб ўтсак. 2021 йил 27 февраль куни содир бўлган ёнғин юзасидан Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида ўқилган суд ҳукмидан норози бўлган Рустам Абдураҳимовнинг адвокати ва яқинлари QALAMPIR.UZ'га мурожаат қилиб, аппеляция суд мажлисини ёритишга таклиф қилишди. Биз эса қонунчиликдан четга чиқмаган, Олий суд Пленум қарорларини бузмаган ҳолда суд мажлисларида ҳозир бўлдик ва ҳеч бир суд мажлисларига фикр бермаган ҳолда ёритдик.
Аппеляция суди ўз якунига етгач, таҳлилий мақола тайёрладик. Ушбу мақола ва видео орқали тергов ҳужжатлари билан таништириш баробарида, айбловларга судланувчилар ва уларнинг адвокатлари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини умумлаштирган ҳолда тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
Судланувчиларнинг оила аъзолари тергов ва биринчи инстанция судида Сайфиев ва Абдураҳимовларга нотўғри айбловлар қўйилгани, Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди ҳукмига далилга асосланмаган айбловлар киритилгани, Р.Абдураҳимовга қўйилган биронта айблов судда ўз тасдиғини топмагани, Абдураҳимов ва Сайфиев аввал бир колонияда жазо ўтагани, бу эса улар бирга уюшган гуруҳ сифатида жиноят содир этишлари учун асос бўлмаслиги, Абдураҳимов ва “SHOVOTLANDIA” кафеси эгаси Аҳмедов билан ораларидаги келишмовчилик вақтида Рустам Абдураҳимов Аҳмедовдан телефон талаб қилмагани, кафени Аҳмедовнинг молига зарар етказиш мақсадида, ҳеч кимнинг буйруғи ёки “закази” асосида эмас. ўз хоҳиши, шунингдек, кафеда беш нафар шахс тунаб қолганини билмаган ҳолда ёққанини тан олаётган Фахриддин Сайфиевнинг бу ҳаракатидан Абдураҳимовнинг хабари бўлмагани ва тўғридан-тўғри Рустам Абдураҳимовни хабардорлиги ёки бошқа ҳолатлар юзасидан айбини исботловчи далиллар йўқлиги, терговдаги қийноқлар ва судланувчилар ЖК нормалари бузилган ҳолда сақлангани, шунингдек, Абдураҳимовни ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан уни ҳаракатларида мазкур жиноят таркиби бўлмагани, Абдураҳимовни ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "а","в","д","ж","п" бандлари ва 173-моддаси 2-қисми "б","в" бандлари билан уни содир этилган жиноятларга даҳли бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 3-бандига асосан оқлаши ҳамда уни тўлиқ реабилитация қилишни сўраб, Тошкент шаҳар судига апелляция аризаси киритишган эди.
Қарийб 7 ой давом этган апелляция судида гувоҳлар кўрсатмалари, жабрланувчиларнинг илтимослари, судланувчилар фикрлари тинглади.
“Судга айбсизлигимни исботлашга имкон беришгани учун раҳмат айтмоқчиман. Аппеляция суди вақтида тергов, биринчи суд инстанциясида бўлган ҳолатларни айтиб, ёритишга ҳаракат қилдик. Ҳар бир суд мажлисидан олинган видеолар бор ва буни ҳамма ижтимоий тармоқ орқали кўриши мумкин. Айбловларни ҳеч бири тасдиғини топмади. Шунга қарамасдан… (судьялар – таҳр.) босим остида ишлагани билинди. Унинг овозида “дадиллик” йўқ. Буни судьянинг овоз тонидан ҳам билса бўлади.
Суд мажлисларида ҳам айтганман, суд мажлиси баённомасидан келиб чиқиб ҳукм чиқарилиши керак. (Судда – таҳр.) терговдагиларни (ҳужжатларни – таҳр.) ўқиб, прокуратуранинг босимида, ҳеч қандай енгилликларсиз ҳукмни ўз кучида қолдиришяпти.
Менга тегишли ҳолатда “Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдириш), аломатлари йўқ. Қасддан одам ўлдириш учун биз уларни таниган бўлишимиз, ёки улар билан орамизда келишмовчилик бўлиши керак. Бирор марта кўрмаган одамни қандай қилиб ўлдириш мумкин. Менга “SHOVOTLANDIA” кафесининг эгаси Азиз Аҳмедовни ўлдириш режасини тузгансиз”, дейишди. Уни ўлдириш режасини тузишимни ўзи ғалати, чунки у уйимдан 50 метрлар нари-берида яшайди.
Мен айбсизлигимни 100 фоиз исбот қилиб бердим, деб биламан. Судга келиб, тўғридан-тўғри мени айбдор эканимни айтиб, кўрсатма берган одам бўлмади”, дейди Рустам Абдураҳимов.
“SHOVOTLANDIA”кафесини ёққан Фахриддин Сайфиевга кўра, у қасдан одам ўлдирмаган, аксинча, Аҳмедовнинг молига зарар бериш учун кафега ўт қўйган. Қолаверса, бу ишларга Рустам Абдураҳимовнинг алоқаси бўлмаган.
"Кафени ёқиш ҳақида режа тузганимни ҳеч ким билмаган. Мен бу ишни очиқчасига қилдим, кафе атрофидаги камерага қўл силтаб, кафени айнан мен ёққанимни ҳам билдирдим. Тергов вақтида кафе эгаси Азиз Аҳмедов мени танимаслигини айтди. Аслида у билан аввалдан таниш бўлганмиз.
2021 йилнинг 6 январь куни Учтепа тумани Катта Қани "круг"ида тахминан 10 нафар нотаниш шахслар сабабсиз жанжал чиқариб, улардан бири қорин соҳамга пичоқ билан бир маротаба жароҳат етказди, сўнг у ердан қочиб кетеаётган вақтимда автомобиль "капот"и устидан сакраб ўтмоқчи бўлиб йиқилдим. Шунда улардан бири пневматик қурол билан чап оёғимга жароҳат етказди. Менга тан жароҳати етказган шахслар "SHOVOTLANDIA" кафеси эгаси Азиз Аҳмедовнинг одамлари эканини эшитдим.
Кафени шу сабабли ҳам ёқишга қарор қилдим. Мени қўлга олган вақтларида ҳам ҳеч қаерга қочмадим. Қилган ишимни тан оламан. Кафени ўзим ёқдим, лекин, ичида одамлар борлигидан хабарим йўқ эди ва қастдан одам ўлдирмадим.
Рустам ака менга нимадир "заказ" қилганлари йўқ. Мен "наёмный убийца" эмасман-ки, кимнидир ўлдириш ҳақида "заказ" олсам. Афсуски, бу гаплар ва келтирилган далилларни судда инобатга олишмади", дейди Фахриддин Сайфиев.
Рустам Абдураҳимовнинг адвокати Фазлиддин Шерматов мазкур жиноят ишини тергов қилишда ЖПКнинг талаблари қўпол равишда бузилгани ҳақида айтаркан, судланувчиларнинг айрим кўрсатмалари қийноқ ва босим остида олинганини урғулади.
"Химоям остидаги Абдураҳимов дастлаб майда безориликда, орадан 15 кун ўтиб, товламачилик билан айбланди. А.Аҳмедов Р.Абдураҳимовга у талаб қилган телефонни олиб бермаган тақдирда “товламачилик” жиноятини зарурий белгиси бўлган “қўрқитиш”, “таҳдид”ни Абдураҳимовнинг қайси ҳаракати ёки гапларидан англаганини келтирмади.
Жиноят иши ҳужжатларини кўздан кечираркансиз, дастлабки сўроқ вақтида Ф.Сайфиев жиноятни ўзи содир этгани ва бу режаси ҳақида ҳеч кимнинг хабари йўқлигини урғулайди. Шунингдек, у Аҳмедовнинг ўзига эмас, молига зарар етказишни мақсад қилгани ҳақида бир-неча бор таъкидлади. Афсуски, терговдаги қийноқлар оқибатида судланувчи Сайфиев “бу ишни Рустам акам билан Аҳмедовни орасидаги келишмовчиликка “ответь” сифатида қилганман” деб кўрсатма берган. Бутун бошли жиноят ишидаги “ответь” сўзи Абураҳимовни ушбу жиноятга шерик бўлишига хизмат қилмоқда. Ваҳолонки, дастлабки тергов вақтида Сайфиев бундай кўрсатма бермаган. Қолаверса, биринчи инстанция суди судланувчи, гувоҳларни кўрсатмаларини суд мажлиси баённомасида тўлиқ акс эттирмаган", дейди адвокат.
Фахриддин Сайфиевнинг адвокати Шаҳриддин Ҳолмуродов апелляция суд терговига тўхталиб, суд тергови тўлиқ ўтмагани, бу эса суд томонидан чиқариладиган қарорнинг объективлигига жиддий шубҳа уйғотишини урғулади.
Суд мажлисида қатнашган жабрланувчилар ва прокурор жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суд ҳукми, Умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдиришни илтимос қилишди.
Суд мажлисида гувоҳ тариқасида иштирок этган жабрланувчи Азиз Аҳмедов, кафени Рустам Абдураҳимов ўт қўйгани ҳақида таниши Абдувосиқ Мўминовдан эшитганини айтди. Судга юзлаштириш учун чақирилган Мўминов эса, Аҳмедов ва Абдураҳимовнинг ораларидаги келишмовчиликдан хабари борлиги, лекин “кафени ёқишда Рустамнинг қўли бор”, демаганини айтиб, кўрсатма берди.
Қарийб 7 ой давом этган апелляция суди жорий йилнинг, 21 октябрь куни якунига етди. Гувоҳлар тингланди, сўнгги сўз олинди ва Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 497-13, 497-17, 497-25, 497-26-моддаларига асосан, Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди ҳукми, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолди.
"SHOVOTLANDIA" иши юзасидан апелляция суд мажлисидан тўлиқ репортажни қуйидаги видеоларда томоша қилишингиз мумкин.
- 👉 1-қисм. Судга гувоҳлар чақирилди. Улар нималарни билади?
- 👉 2-қисм. Гувоҳлар икки хил гапиряпти. Аслида ким айбдор?
- 👉 3-қисм. Кафе эгаси ёлғон гапирдими? Гувоҳлар тилга кирди
- 👉 4-қисм. Гувоҳлар айтяпти ҳам, қайтяпти ҳам
- 👉 5-қисм. Адвокатлар судяни четлатишни талаб қилди
- 👉 6-қисм. Судланувчиларга қийноқ бўлган…ми?
- 👉 7-қисм. Томонлар прокуратурадан норози
- 👉 8-қисм. Томонлар прокуратурадан норози
- 👉 9-қисм. ИИВ терговдаги қийноқларни тан олмаяпти
- 👉 10-қисм.Суд прокуратурага ён босяпти – Кушербоев
- 👉 11-қисм. Суд ҳукми ўқилди