Эридан ўч олиш учун икки фарзандини ўлдирган она 13 йилга қамалди
3-саҳифа
−
18:44 766 2 дақиқа
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида 32 ёшли аёл турмуш ўртоғидан ўч олиш мақсадида вояга етмаган 2 фарзандини ўлдирди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Воқеа жорий йилнинг 1 февраль куни тунги вақтда юз берган. Ижара хонадонга қайтган ота уйида 2018 ва 2022 йилларда туғилган 2 ўғлининг жасадини топган. Хона эса газга тўлдирилган, аёлнинг ўзи тирик бўлган.
Дастлаб воқеа газдан заҳарланиш билан боғлиқдек кўринган. Бироқ суд-тиббий экспертизаси болалар ис газидан эмас, механик асфиксия оқибатида вафот этганини аниқлаган. Терговда маълум бўлишича, аёл эри билан келишмовчиликдан сўнг ундан қасос олишга қарор қилган. У аввал олти ёшли, кейин эса тўрт ёшли ўғлини бўғиб ўлдирган.
Шундан сўнг, аёл жасадларни бир жойга ётқизиб, газ плитаси ва газ жўмракларини очиб қўйган. Шу орқали фарзандларининг ўлимини ис газидан заҳарланиш ҳолатидек кўрсатишга уринган. Аёл эрига хат ҳам қолдирган ва ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган. Бироқ ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар ҳамда кўрсатилган тиббий ёрдам сабаб унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Жорий йилнинг 1 июль куни Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судида иш кўриб чиқилган. Суд аёлни икки нафар фарзандини қасддан ўлдиришда айбдор деб топган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а” ва “в” бандлари ҳамда 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилояти Зарбдор туман суди 77 ёшли такси ҳайдовчисини ўлдириб, унинг пули, телефони ва автомашинасини эгаллаган шахсга нисбатан 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси