Путиннинг нияти СССРни тиклаш – Байден бу уруш бошланиши эканини айтди
Олам
−
25 Февраль 2022
11751Путин (Россия Президенти Владимир Путин) тажовузкор ва у собиқ Совет Иттифоқини қайта тиклаш ниятида. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Украинадаги вазият юзасидан қилган мурожаатида таъкидлади.
Президент, шунингдек, Америка қўшинлари “Украинада жанг қилиш” учун Европага бормаслигини ҳам аниқ айтган.
“Ўтган йили биз Украинага 650 миллион доллардан ортиқ мудофаа ёрдами кўрсатганимизга қарамай, яна бир бор такрор айтаман: бизнинг кучларимиз Украинадаги Россия билан можарода иштирок этмайди ва қўшилмайди, бизнинг кучларимиз Европага жанг қилиш учун бормайди. Лекин НАТОдаги иттифоқчиларимизни ҳимоя қилади”, деган АҚШ Президенти.
Унинг таъкидлашича, Владимир Путин Украинага қилинган ҳужум учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади ва у туфайли Россия энг оғир оқибатларга дуч келади.
“Путин тажовузкор. Путин бу урушни танлади. Энди эса унинг оқибатини у ва унинг давлати кўтаради”, деган Байден.
У, шунингдек, Россия Президенти собиқ Совет Иттифоқини қайта тикламоқчи, деган фикрда.
“У Украинага қараганда анча катта амбицияларга эга. У, аслида, собиқ Совет Иттифоқини тиклашни хоҳлайди. Мана, гап нимада”, дейди Америка раҳбари.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.