Путин Украина АЭСларига зарба бермоқчи – Зеленский
Олам
−
25 Сентябрь
3870Россия Украина ядровий иншоотларига ҳужум қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 25 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида сўз очди.
“Украина разведкаси Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина атом электр станциялари ва инфратузилмаларини энергия тизимидан узиб қўйиш мақсадида уларга зарба бериш режалари ҳақида хабар берди. Ҳар қандай ракета ёки дрон зарбаси, энергия тизимидаги ҳар қандай муҳим воқеа ядровий фалокатга олиб келиши мумкин. Бундай кун ҳеч қачон келмаслиги керак. Москва буни тушуниши керак ва бу қисман сизнинг тажовузкорга босим ўтказиш қарорингизга боғлиқ”, дейди у.
У ўз ҳамкорларига қўшимча ёрдам сўраб мурожаат қилди.
“Россия босқинидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинани қўллаб-қувватлаш биринчи навбатдаги устувор вазифа бўлиб қолиши керак”, деди Президент.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия барча иссиқлик электр станцияларини ва мамлакатдаги гидроэлектростанцияларнинг муҳим қисмини вайрон қилган.
Шу билан бирга, Зеленский Украинани тинч йўл билан ҳал қилишда Киев томонидан ишлаб чиқилган тинчлик формуласига амал қилишга чақирди. У Россия билан тинчлик музокараларини талаб қилган бир қатор мамлакатлар, жумладан, Хитой ва Бразилиянинг "ҳақиқий манфаатларини" шубҳа остига олди.
“Украинадаги урушни тугатиш бўйича муқобил режалар Путинга фақат урушни давом эттириш учун сиёсий майдон беради. Украина ҳеч қачон ўзига юкланган келишувга рози бўлмайди”, деб таъкидлади Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Россия қиш олдидан мамлакатнинг энергия таъминотини йўқ қилиш мақсадида Украинадаги учта атом электр станциясига ҳужумлар тайёрлаётгани ҳақида Киевда далиллар борлигини айтганди.