Путин Пезешкиёнга таъзия билдирди

Олам

image

Бугун, 13 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.

Ушбу суҳбат Исроилнинг Эронга қарши куч ишлатиши оқибатида юзага келган кескинлик фонида бўлган.

Россия Президенти Исроил зарбалари сабаб ҳалок бўлган Эрон раҳбарияти ва халқига ҳамдардлик билдирган.

Владимир Путин Россия Исроилнинг БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳаракатларини қоралашини таъкидлаган. У Россия томони Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича доимо фаол ҳаракат қилгани, ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурганини қайд этган. Шунингдек, Россия келгусида ҳам Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятни юмшатиш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.

Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.

Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.

Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.

Орадан бироз вақт ўтиб эса, Исроил Эронга қарши навбатдаги ҳужумларини ҳам бошлади. У Эрон шимоли-ғарбига янги ва кенг кўламли зарбалар берди. Ушбу ҳужумлар дронлар ёрдамида амалга оширилган. Табриз аэропорти яқинидаги темирйўл иншоотларига зарар етган, бу ҳудудда ҳаво мудофаа базалари жойлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Масъуд Пезешкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг