Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги баёноти ортидан Россия элчиси ТИВга чақиртирилди
Жамият
−
21 Декабрь 2023
58443Россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гаплари ортидан Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгинов бугун, 21 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Тошкентда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган.
“Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди”, дейилади хабарда.
ТИВ баёнотида Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқлар ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.
Ўз навбатида, Олег Малгинов тўлиқ масъулият билан Захар Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини билдирган.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи Малгинов Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаганини урғулаган. Шунингдек, у Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани хабар қилинганди. Бу Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь