Олийгоҳларда “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатмаганлар дарсга киритилмаётгани айтилмоқда (видео)
Local
−
13:19 1386 2 minutes
Ўзбекистоннинг бир нечта олий таълим муассасаларида талабалардан “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилинаётгани, айрим ҳолларда бунга рози бўлмаганлар дарсларга киритилмаётгани айтилмоқда.
Жумладан, Тошкент давлат юридик университети талабаларидан бири ҳозирча иловани ўрнатиш мажбурий қилинмаганини, бироқ маъмурият томонидан уни юклаб олиш сўралаётганини билдирган. Бошқа бир талаба эса университетда иловани ўрнатмаганлар рўйхати шакллантирилиши ва уларга танбеҳ берилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалаётганини ёзган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан бири эса эрталабдан талабалар университет кириш жойида тўхтатилиб, иловани ўрнатишга мажбурланаётганини маълум қилган. Унинг ёзишича, иловани ўрнатиш жараёнида айрим талабалар дарсга кечиккан ва уларга давомат бўйича “НБ” қўйилган. Шунингдек, дарс вақтида декан, декан ўринбосарлари ва тьюторлар аудиторияга кириб, иловани ўрнатмаган талабаларни туришга мажбур қилаётгани, рад жавобини берганларга танбеҳ берилаётгани айтилган.
Бундан ташқари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси икки ҳафтадан бери университет кириш жойида талабалар турли APK иловаларини ўрнатишга ундаётганини ёзган. Унинг билдиришича, аввал ҳам “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаби қўйилган.
Талабалар мурожаатларида илованинг мақсади ва уни ўрнатиш зарурати етарлича тушунтирилмаётгани, хавфсизликни таъминлаш истаги талабаларни мажбурлаш орқали эмас, тушунтириш ишлари билан амалга оширилиши кераклиги таъкидланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Таълим ва илм-фан вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, вазирлик раҳбарияти ушбу масалани тезкор ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Айни пайтда ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганишни бошлаган.
Шунингдек, вазирлик таълим жараёнининг узлуксизлиги ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши шартлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган битирув тадбирида талабалар ва уларнинг ота-оналари залга киритилмагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдирганди.
Live
AllSuyultirilgan gaz narxi 15 – noyabrdan oshadi
02 November