Пригожиннинг дафн маросими бўйича ҳозирча маълумот йўқ – Песков
Олам
−
28 Август 2023
5261Россия Президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Тверь вилоятида авиаҳалокатга учраган “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг дафн маросими қачон ва қандай ўтказилиши бўйича Кремлда маълумот йўқлигини билдирди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.
“Дафн маросими ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумотга эга эмасман, шунинг учун ҳеч нарса дея олмайман. Шубҳасиз, қарор қабул қилиниши биланоқ у оммага эълон қилинади. Бундай масалалар ҳамиша қариндошлар билан биргаликда ҳал этилади ва биринчи навбатда уларнинг фикрига асосланилади”, дейди Песков.
Президент матбуот котиби Евгений Пригожиннинг дафн маросими қачон ўтиши аниқмаслиги сабабли унда давлат раҳбари қатнашиши ёки қатнашмаслиги бўйича аниқ гап айтолмаслигини маълум қилган.
Шунингдек, Песковдан Владимир Путин суд-тиббий экспертиза натижалари расмий эълон қилинишидан олдин нима учун бизнес-жет бортида ҳалок бўлганларнинг оилаларига, шу жумладан, Евгений Пригожиннинг яқинларига ҳамдардлик билдиргани сўралган.
Дмитрий Песковнинг айтишича, тасдиқлар мутлақо аниқ бўлган, чунки Росавиация томонидан йўловчилар рўйхати эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдирган.
Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилмоқда.
Кеча, 27 август куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинни Тверь вилоятидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганини тасдиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь