Яна бир вилоят эшиклари ёпилди

Жамият

image

Хоразм вилоятига кириш ва чиқиш тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Хоразм вилояти ҳокимининг 2020 йил 27 март куни 85Ф-сон фармойишга асосан 2020 йил 27 март куни соат 15:00 дан бошлаб, вилоятнинг барча туманлар ва шаҳарларига, шунингдек республиканинг барча ҳудудларига транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) кириш ва чиқиш ҳаракатлари тўхтатилди.

Бу вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясини вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида амалга оширилди.

Вилоятнинг туман (шаҳар)ларига кириш ва чиқишдаги чекловлар ташиш билан боғлиқ ҳолатларга, шунингдек, туман (шаҳар)да доимий яшовчи  (рўйхатдан ўтган) шахсларга туман (шаҳар)га кириш учун, шунингдек, туман(шаҳар)даги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан туманларга бириктирилган масъул ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Туман (шаҳар) ҳудудларини боғловчи асосий йўллардан ташқари, ички айланма кўча ва йўлларда ҳаракат тақиқланди.

Шаҳар (туман)га кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналар мажбурий дезинфекция қилинади.

Шу билан бир қаторда, Урганч шаҳри ҳудудида барча қатновлар (йўловчи ташувчи, онлайн хизмат кўрсатувчи автомашиналар, автобус ва микроавтобуслар) ҳаракати тўхтатилди. Корхоналарнинг озиқ-овқатларни хонадонларга етказиб бериш автомашиналари ҳаракатланиши мумкин.

Ҳар бир туман (шаҳар)лар ҳудудларига кириш-чиқишни назоратга олиш ва автомашиналарни дезинфекция қилиш чораларни кўриш мақсадида вақтинчалик маскан (пост)лар фаолияти йўлга қўйилди.

Аввалроқ, Тошкент, Наманган, Андижон, Самарқанд, Гулистон, Бухоро ва Қарши шаҳарлари коронавирус сабаб кириш ва чиқиш учун ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 104 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Шу вақтгача 2 киши вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм карантин

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг