Ўзбекистонда яна бир шаҳар кириш ва чиқиш учун ёпилди
Жамият
−
27 Март 2020
13807Қашқадарё вилояти аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида махсус комиссия қарорига кўра, жорий йил 27 март куни, тунги соат 00:00 дан бошлаб, Қарши шаҳрига кириш-чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, вилоят ва шаҳарга кириш-чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимлар рўйхат ва вилоят ЙПХ махсус рухсатномаси асосида вилоят бўйлаб ҳаракатланиши мумкин”, дейилади хабарда.
Шу билан бир қаторда, 28 март куни соат 06:00 дан бошлаб Қарши шаҳри ҳудудида барча қатновлар (йўловчи ташувчи, онлайн хизмат кўрсатувчи автомашиналар, автобус ва микроавтобуслар) ҳаракати тўхтатилади. Корхоналарнинг озиқ-овқатларни хонадонларга етказиб бериш автомашиналари ҳаракатланиши мумкин.
Таъкидланишича, ҳар бир туман (шаҳар)лар ҳудудларига кириш-чиқишни назоратга олиш ва автомашиналарни дизенфекция қилиш чораларни кўриш мақсадида вақтинчалик маскан (пост)лар фаолияти йўлга қўйилади.
“Шунингдек, зарур ҳолларда вилоят аҳолисининг бошқа вилоятлар ҳудудига чиқиши ва кириши (пиёда ёки автомашинада)га юқори даражада чекловлар ўрнатилади. Зарурат бўлмаганда вилоят ҳудудидан чиқишингизни тавсия этмаймиз.
Вилоят ва шаҳар ҳудудига киришга қўйилган чекловларга ва карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирамиз!”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Тошкент, Наманган, Андижон, Самарқанд, Гулистон ва Бухоро шаҳарлари коронавирус сабаб кириш ва чиқиш учун ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 83 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
Бугун, 27 март куни коронавирусга чалингани аниқланган наманганлик фуқаро миокард инфарктидан вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси