Расман: Андижон шаҳри ҳам ёпиляпти
Жамият
−
26 Март 2020
14222Эртага, 27 март куни соат 00:01 дан бошлаб, Андижон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Андижон шаҳридан Республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилади.
Вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида шундай қилинди. Бу бўйича вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши бугун, 26 март куни қабул қилинган.
Андижон шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Андижон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Андижон шаҳрига кириш учун, вилоят туманларидан Андижон шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган маъсул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
• Белгиланган тартибдан бошқа зарурат бўлмаганда харакатланувчи транспорт воситалар қатновини карантин муддати тугагунга қадар тўхтатиб турилади.
• тегишли бошқарма, идора ва ташкилотлар томонидан Андижон шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик постларнинг фаолиятини ташкил қилиш ва назоратни янада кучайтириш;
• шаҳар ҳудудига кириш ва чиқиш жойларини мутахассислар билан таъминлаш ҳамда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш;
• Андижон шаҳрига кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналарини мажбурий дезинфекция қилинишини таъминлаш;
• шаҳар ҳудудига кириш ва чиқишга қўйилган чекловларга ҳамда аҳолининг карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини ҳамда карантин қоидаларини бузган шахсларга ўз вақтида қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишини таъминлаш;
• Андижон вилоятида ободонлаштириш ва қурилиш ишларида ишлаётган қурувчилар, ишчилар ва муҳандислар учун ётоқхона ва зарур шарт-шароитларни ташкил этиш;
• табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси, телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, икки ой давомида ўчирилмаслигини таъминлаш вазифалари юклатилди.
• Шаҳар ва туманлардаги деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, дорихоналарга дори-дармонлар ва антисептик воситаларни олиб кирилишида алоҳида махсус рухсатнома асосида, юк ташиш машинаси ва маҳсулотларни дезинфекция қилган ҳолда кириши таъминланади.
Аввалроқ, Тошкент ва Наманган шаҳарлари коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабаб ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 65 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor