Карантин вақтида мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтатиладими?
Жамият
−
26 Март 2020
10965Ўзбекистонда жорий йилнинг 16 мартидан карантин режими ўрнатилди. Шу сабабдан кўплаб муассасалар вақтинча ёпилди. Ҳўш, карантин даврида мажбурий ижро ҳаракатлари ҳам тўхтатиладими? Ёки қай тартибда амага оширилади? Айни шу масалага Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шавкат Ҳайдаров ойдинлик киритди.
“Бугунги карантин даврида давлат ижрочиларига қуйидаги мажбурий ижро этиш чораларини қўлланишини ҳамда фаолият йўналишлари бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилишини кейинга қолдириш тавсия этилмоқда.
Яъни:
• ундирувни турар жойлардаги (яшаш хонадонидаги) мол-мулкига қаратиш, шу мақсадда уларни хатлаш ва олиб қўйиш;
• ижро ҳужжатида кўрсатилган муайян ашёларни қарздор жисмоний шахсдан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш;
• қарздорни кўчириб чиқариш;
• ундирувчини кўчириб киритиш;
• ер участкасини олиб қўйиш ва ўтказиш;
• иморат (қурилма) ни бузиб ташлаш;
• болани олиб бериш ва топшириш.
Давлат ижрочиларига юқоридаги ижро ҳаракатларини фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳоллардагина карантин қоидаларига қатъий риоя қилиб, ҳудудий бошқарма бошлиғи ёки унинг ўринбосари рухсати билан амалга оширилиши мумкинлиги тушунтирилмоқда”, деди Ҳайдаров.
Мажбурий ижро бюроси ходимлари тўлов маданияти ва ижро интизомига риоя этувчи ва асосийси қарздор бўлмаган фуқароларни безовта қилмайди. Бу жараёнда фуқароларимиз фойдаланилган электр ва табиий газ учун тўловларни амалга оширмаса ҳам бўлар экан деган нотўғри фикрни уйғотмаслиги лозим, деб қўшимча қилди МИБ масъули.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 65 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15