МИБ бузди, ҳокимият қуради
Local
−
20:04 1074 4 minutes
Сурхондарёда фуқарони қақшатиб, унинг уйи бузиб ташлангани айтилди. Бу ноқонуний ҳаракатмиди ёки?
Вазият юзасидан эътирозли фикрлар тармоқларда кўпайгач, Сурхондарё ҳокими шахсан фуқаро билан учрашди.
Расмий муносабатда бу бузди-буздига ноқонуний қурилиш сабаб бўлгани айтилди. Аммо тармоқларда кадастр ҳужжатлари мавжудлиги акс этган расмлар тарқалди. Ким ҳақ?
Ушбу мақолада шу мавзуни охирига етишга ҳаракат қиламиз.
Жорий йил 8 августдан бошлаб “фуқарони қақшатиб уйини бузиб юборишди” деган мазмундаги изоҳлар билан видеолар тарқала бошлади. QALAMPIR.UZ аниқлаган маълумотга кўра, муҳокамалар марказидаги ушбу манзил: Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Чуқурқишлоқ маҳалласи, 69-хонадон. МИБнинг вилоят бошқармаси берган маълумотга кўра, ушбу ер суғориладиган майдон бўлиб, фуқаро томонидан ноқонуний эгалланган!
“Ўрганишлар давомида ушбу ҳолат Денов туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг 2025 йил 29 декабрдаги ижро ҳужжати асосида амалга оширилгани аниқланган. Суд ҳужжатига кўра, Денов тумани Ғалаба массиви, “Чуқурқишлоқ” маҳалласидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонининг 0,20 гектар қисми ўзбошимчалик билан эгалланган. Ушбу ҳудудда қурилган уй-жой ва бошқа ноқонуний қурилмаларни бузиш ҳамда ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган”, дейилади хабарда.
Тошкентда худди Лолазор маҳалласида бўлганидек айрим “блатной” тадбиркорлар фуқаролар фойдаланиши учун ажратилган ерларни эгаллаб олаётгани, New port лойиҳаси асосчиларидек одамларнинг уйини бузиб ташлаётгани, Олмазор туманида кузатилганидек ўпиришлар, ерни ўраб олишлар аҳоли норозилигига сабаб бўлса, вилоятларда юқоридаги каби фермер хўжаликлари ерларида қурилиш қилган инсонлар муаммоси, фермерлар ва аҳоли ўртасидаги жанжаллар кўп учрайди. Бу ҳам бўлса, ҳудудлардаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг ишлари қандай ташкил этилганлиги ёки Адлия каби тузилмаларнинг мана шундай масалаларни фуқароларга қандай тушунтириб бера олишига боғлиқ.
Сурхондарё вилояти МИБ бошқармасининг маълум қилинишича, Денов туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг 2025 йил 29 декабрдаги ижро ҳужжатига кўра, суғориладиган ердаги ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган. Мазкур ҳужжат 2026 йил 24 январда МИБнинг Денов туман бўлимига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган. Аммо дастлаб суд ажримига асосан ижро ҳаракатлари муайян муддатга тўхтатилган.
“Кейинчалик суд кўрсатмасига мувофиқ ушбу тўхтатиш бекор қилиниб, ижро ҳаракатлари давом эттирилган. Қарздорлар суд ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажармагани сабабли жорий йилнинг 7 август куни мажбурий ижро ҳаракатлари белгиланган. Бу ҳақда тегишли ташкилотлар ҳам хабардор қилинган. Оқибатда ижро ҳужжатида кўрсатилган ноқонуний қурилмалар белгиланган тартибда бузилиб, суд ҳужжати ижроси тўлиқ таъминланган”, дейилади хабарда.
Қарздорлар суд талабини ихтиёрий равишда бажармагач, 2026 йил 7 август куни мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилиб, уй-жой тўлиқ бузилган. Ижтимоий тармоқларда айнан мана шу вазият акс этган видеолар тарқалгач, ушбу шов-шувли ҳодисага вилоят раҳбари шахсан аралашишга мажбур бўлди. Улуғбек Қосимов бузилган хонадон эгалари билан учрашди. Ҳоким фуқаро билан суҳбатда қурилиш тегишли ҳужжатларсиз амалга оширилганини таъкидлаган.
“Сизнинг хатонгиз ҳужжат қилмасдан қурилиш қилганингиз. Қонунни бузганингиз, бу қонун бузилса, ҳеч ким ҳеч кимни қўллай олмайди“, деган Сурхондарё вилояти ҳокими.
Жамоатчиликда энг кўп эътироз ва савол туғдирган яна бир жиҳат тармоқларда фуқарога тегишли кадастр ҳужжатининг расмлари тарқалгани бўлди.
"Кадастри бўлса, қандай қилиб ноқонуний бўлади?" деган мантиқли саволлар кўпайди.
Ўрганишлар давомида бузилган турар жой фуқаронинг кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган қонуний ер майдонига шунчаки туташ бўлган, бироқ амалда фермер хўжалигининг дала майдони ҳудудида ноқонуний қурилгани аниқланган. Бу вилоят ҳокимлиги расман эълон қилган хабар. Низоли вазият ижтимоий портлаш даражасига етгач, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ўзи хонадон ноқонуний қурилган бўлса ҳам, бу шаклда бузилганидан норози эканини билдириб, ҳокимларни ноинсофлар деди.
“Мен бугун кўриб, тўғриси роса мана бу ижрочилардан ҳам жаҳлим чиқди. Лекин бу ноинсофлар бироз маслаҳат қилганда, биз сизга нариги томондан уй қилиб, кейин буни бузиб ташлардик”, деган ҳоким Улуғбек Қосимов.
Якунда эса воқеа марказидаги фуқаролар қолиб, кузатувчиларни ҳам хурсанд қиладиган янгилик айтилди.
“Сизга бир қонуний жой топамиз, аукциондан ўзингизга қиламиз, шошилмасдан. 10-15 кун, 20 кун кетар, бир ой кетар. Чиройли қилиб, битта ватан қилиб, сизда ҳам эртага эгалик ҳуқуқи бўладиган, бир мерос қилиб қолдирадиган, фарзандлар билан бемалол яшайдиган қилсак бўладими? Ёрдам берамиз. Байрамгача, қўл ташлашиб, каттароқ қурувчи қўйиб, ишларни тезлаштирамиз. Уйингиз бузилиб кетгани ҳам билинмайдиган қилиб, тезроқ тиклаб берамиз“, деган вилоят ҳокими.
Бу ваъда шунчаки шов-шувларни тиндириш учун эмас деб умид қиламиз. Шу сабаб QALAMPIR.UZ жараённи кузатиб боради.
Live
All