Президент ҳузурида янги Кенгаш ташкил этилади
Жамият
−
16 Март 2020
17706Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Халқаро рейтинг ва индекслар бўйича республика Кенгаши ташкил этилади . Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ва давлат органларида халқаро рейтинглар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида"ги фармон лойиҳасида қайд этилган.
Унга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Халқаро рейтинг ва индекслар бўйича республика Кенгаши ташкил этилади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Мутасадди давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказиладиган Кенгаш йиғилишларида тегишли халқаро рейтинг ва индексларда “KPI”ларга эришиш учун амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот беради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий секторда рақобатни кучайтириш ва “Глобал рақобатбардошлик” индексида республиканинг ўрнини акс эттириш бўйича манзилли чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия ва Адлия вазирликлари мос равишда Кенгашнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид халқаро рейтинг ва индекслар бўйича ишчи органлари этиб тасдиқланади.
Адлия вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг сони қўшимча 8 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси бир ой муддатда ташкил этилади ва юқори малакали кадрлар билан тўлдирилиши таъминланади.
Мутасадди давлат органлари ва тадқиқот институтлари тегишли халқаро рейтинг ва индекслар бўйича фаолиятни амалга оширишда Кенгаш ишчи органларига ҳисобдор этиб белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона портали ишга туширилади.
Кенгаш ишчи органлари портал фаолиятининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва уни янгилаб бориш учун масъул этиб белгиланади.
Мутасадди давлат органлари ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15 санасига қадар Кенгаш ишчи органларига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар, зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этилишини таъминлайди.