Пойтахт Тошкентда “Долзарб 90 кунлик” эълон қилинди
Жамият
−
28 Февраль 10384 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати ҳолатини яхшилашга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” эълон қилинди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 февраль куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказига ташрифи бўлиб ўтган. Ташриф якунига кўра йўл инфратузилмасини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча устувор йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинган.
Шу сабабли шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги йўл ҳаракати ҳолатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар мажмуасини амалга ошириш учун “Долзарб 90 кунлик” эълон қилган.
ЙҲТЕМ мутахассислари пойтахтнинг энг тирбанд бўлган 472 км автомобиль йўлларини аниқлаб, ишларни қуйидаги устувор йўналишларда бошлашни тавсия қилган:
- йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
- жамоат транспортига устуворлик бериш ва тегишли инфратузилмани яратиш;
- кўча-йўл тармоғи бўйлаб реклама конструкциялари ва бошқа ташувчиларни ўрнатишни тартибга солиш ҳамда назорат қилиш;
- автомобиль йўллари бўйида жойлашган мавжуд савдо шохобчаларини оптималлаштириш ва улар бўйича тартибли ечимлар ишлаб чиқиш;
- светофор объектлари ва йўл белгиларини ўрнатиш, модернизация қилиш ва янгилаш;
- йўл ҳаракатини ташкил этишнинг тасдиқланган схемалари асосида йўл чизиқларини такомиллаштириш;
- бекат мажмуаларини янгилаш ва алмаштириш;
- кўча-йўл тармоғида чуқурча ва карта усулида таъмирлаш ишларини олиб бориш;
- автотураргоҳ майдонини ривожлантириш ва тартибга солиш.
“ЙҲТЕМ ва шаҳар ҳокимлиги жамоасининг ишончи комилки, ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши пойтахт йўл-транспорт тизимидаги умумий вазиятга ижобий таъсир кўрсатади, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари эса сезиларли ўзгаришларни ҳис қилади”, дейилади хабарда.
Ишларнинг бажарилиши ва эришилган натижалар тўғрисида расмий алоқа каналлари орқали ҳар куни маълумот бериб борилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан 2025 йил декабрь ойида пойтахт транспорт сиёсатини тизимли такомиллаштиришга йўналтирилган ихтисослаштирилган тузилма – Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида Тошкент шаҳридаги тирбандликлар ва экология масалаларини ҳал қилиш, шунингдек, жамоат транспорти назорати бўйича тақдимот ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЭрон Кипрга ҳам зарба берди
01 Март