Пойтахт автобусларида кондиционерлар қачондан ёқилади?
Жамият
−
28 Апрель 5796 2 дақиқа
Ёз фасли яқинлашмоқда. Ўзбекистонга иссиқ ҳаво ҳарорати аллақачон кириб келди, лекин жамоат транспортларида, хусусан, автобусларда одам лиқ тўла, транспорт ичкариси ташқаридан бир неча даража иссиқ бўлса ҳам автобусда совитиш тизими ўрнатилган бўлишига қарамай баъзи ҳайдовчилар кондиционерни ёқишдан бош тортади. Ўзи серқуёш Ўзбекистонда, хусусан Тошкентда автобус кондиционерлари қачон ишга туширилади? Совутгични ёқишдан бош тортган ҳайдовчиларга қандай чора кўрилади? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида QALAMPIR.UZ “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти бошқарув раиси матбуот котиби Муслима Обидова билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, кондиционерлар асосан ёзги мавсумга ўтилганидан сўнг ёқилади. Аммо унгача ҳаво ҳарорати 26 даража иссиқни ташкил этса ва йўловчилар совутгични ёқишни сўраса, ҳайдовчилар буни бажариши керак.
Бироқ кўп ҳолатларда салондаги ҳарорат тартиби бузилиб, одамлар иссиқдан диққинафас бўлишига қарамай бир қатор ҳайдовчилар бунга писанд ҳам қилмайди. Муслима Обидованинг билдиришича, бундай ҳолатларда фуқаролар аввало “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг 1062 ишонч рақамига қўнғироқ орқали мурожаат қилишлари керак.
“Ҳайдовчига белгиланган тартибда, албатта, чора кўрилади! Аммо тартиби ҳар хил. Сабаби ушбу ҳайдовчи аввал қоида бузган-бузмаганлиги ёки унга нисбатан аввал интизомий чора кўрилган-кўрилмаганлиги тарихига қараб белгиланади”, дейди матбуот котиби.
Маълумот учун, ўтган 2024 йилнинг 20 май кунидан автобус паркларига соат 8:00 дан 19:00 гача кондиционерни ёқиш бўйича кўрсатмалар берилгани айтилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель кунидан бошлаб Самарқанд шаҳар жамоат транспортида йўлкира нархлари ошган эди. Йўловчилар шаҳар ҳудудида автобус, электробус ва трамвайларда қатновни амалга ошириш учун йўлкира нақд пул орқали амалга оширилганда 3 минг сўмни, банк пластик ва ягона транспорт карталари (АТТО) орқали амалга оширилганида эса 2 минг сўм қилиб белгиланган.
Live
Барчаси