Тошкентда автобуслар соат 23:00 гача ҳаракатланиши мумкин
Жамият
−
18:31 345 2 дақиқа
Тошкентда 20 та автобус йўналишида соат 21:00 дан 23:00 гача қатновни ташкил этиш имконияти кўриб чиқилади. Масъул идораларга бу масалани 1 декабрга қадар ўрганиш топширилди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарорида маълум қилинган.
Ҳужжатга кўра, масъул идоралар мавжуд имкониятлар доирасида 20 та автобус йўналишида кечки қатновни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқиши керак.
Рўйхатга темирйўл ва автовокзаллар, аэропорт, метро бекатлари ҳамда аҳоли зич яшайдиган мавзеларни боғловчи 15 та магистрал ва 5 та боғловчи йўналиш киритилган.
Улар қуйидагилар:
№1. Қорақамиш-2/4 мавзеси — “Мустақиллик майдони” метро бекати;
№14. ТТЗ автостанцияси — “Шимолий вокзал”;
№18. Ўрикзор бозори — “Чорсу” савдо маркази;
№21. Қорақамиш-2/4 мавзеси — “Чилонзор” метро бекати;
№24. Янги Чоштепа мавзеси — “Тошкент вокзали”;
№28. Ибн Сино-2 мавзеси — “Чорсу” бозори;
№38. Ўрикзор бозори — Дўстлик-2 мавзеси;
№44. Яшнобод деҳқон бозори — Юнусободнинг 19-мавзеси;
№46. “Беруний” метро бекати — Бинокор қўрғони;
№51. Юнусободнинг 6-мавзеси — “Чорсу” савдо маркази;
№58. Дўстлик-2 мавзеси — Тошкент вокзали;
№67. Халқаро аэропорт — Юнусободнинг 19-мавзеси;
№72. Жумабозор — “Амир Темур хиёбони” метро бекати;
№85. Қорақамиш-2/4 мавзеси — Тошкент вокзали;
№93. Қўйлиқ-1 мавзеси — Юнусободнинг 13-мавзеси;
№98. Чилонзор буюм бозори — “Электрокабель” заводи;
№115. Дўстлик-2 мавзеси — “Беруний” метро бекати;
№118. Ўрикзор бозори — Тошкент вокзали;
№131. Дўстлик-2 мавзеси — Қорақамиш-2/4 мавзеси;
№147. Чинни бозори — “Чорсу” савдо маркази.
Қарорга мувофиқ, кечки ва тунги вақтда автобуслар ҳаракати оралиғи 15–20 дақиқадан ошмаслиги керак.
Шунингдек, қатнов жадвали барча бекатлар ва рақамли иловаларда эълон қилиниши, унинг бажарилиши эса диспетчерлик хизмати орқали назорат қилиниши белгиланган.
Қарорда қайд этилишича, Тошкентда соат 21:00 дан кейин жамоат транспорти қатнови кескин камаяди ёки бутунлай тўхтайди. Бу эса пойтахтда кечки ва тунги иқтисодий фаолликка тўсқинлик қилмоқда.
Live
Барчаси