Тошкентда маҳкум қамоқхонадан туриб наркосавдони бошқаргани маълум бўлди
Crime
−
13:16 1003 2 minutes
Тошкент шаҳрида жазони ижро этиш колониясида ўтириб, уяли телефон орқали онлайн наркодўкон фаолиятини бошқарган маҳкум ва унинг шериклари қўлга олинди. Жиноят иши бўйича 9 нафар шахс судланди. Бу ҳақда Олий суди Жамоатчилик билан алоқалар маркази бош консультанти Азиз Обидов хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, маҳкумга жазони ижро этиш колонияси раҳбари томонидан уяли телефон олиб кириш ва гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиш имконияти яратилган. Шундан сўнг, у озодликда юрган ёрдамчилари орқали наркотик моддаларни буюртмачиларга етказиб беришни йўлга қўйган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ушбу жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланган тўққиз нафар фуқаро қўлга олинган. Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига кўра, гуруҳга етакчилик қилган маҳкум Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан айбдор деб топилиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, у ўта хавфли рецидивист деб топилган ва жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган. Жиноий гуруҳнинг яна олти нафар эркак аъзосига 10 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Гуруҳ таркибида икки нафар аёл ҳам бўлган. Улардан бири Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан айбдор деб топилиб, аввалги ҳукми бўйича ўталмаган жазо муддати ҳам ҳисобга олинган ҳолда 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, унга жазони ўташ жойида гиёҳвандликдан мажбурий даволаниш чораси тайинланган. Гуруҳнинг иккинчи аёл аъзоси эса 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ва Фарғонада қарийб 5 килограмм “гашиш” мойи ва “гашиш” моддаси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All