Самарқандда автобус ва трамвай учун йўлкира нархи ошди
Жамият
−
16 Апрель 11702 2 дақиқа
Кеча, 15 апрель кунидан бошлаб Самарқанд шаҳар жамоат транспортида йўлкира нархлари ўзгарди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят Транспорт бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ўзгаришлар вилоят ҳокими қарорига кўра, электрон тўлов тизимидан фойдаланувчи йўловчилар қамровини ва табақалашган тарифларни жорий этиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида жорий этилган.
Қўшимча қилинишича, йўловчилар шаҳар ҳудудида автобус, электробус ва трамвайларда қатновни амалга ошириш учун нақд пул орқали амалга оширилганда, 3 минг сўмни, банк пластик ва ягона транспорт карталари (ATTO) орқали амалга оширилганида эса 2 минг сўм қилиб белгиланган.
“Қарорга асосан аҳоли, пенционер ва ногиронлар, талаба ва ўқувчилар ҳамда жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар учун алоҳида тарифлар белгиланди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, шу кунга қадар Самарқандда жамоат транспортларида нақд пул ёки банк картаси орқали 2000 сўм тўланар эди. Транспорт картасида йўл ҳақи тўлаш эса 1600 сўм эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 январь кунидан бошлаб Тошкент шаҳрида ҳаракатланаётган автобусларда нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилган эди. Айни шу санадан бошлаб пойтахт жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 000 (уч минг) сўм этиб белгиланди. Бунда тўлов электрон тўлов тизими (транспорт ёки банк картаси) орқали амалга оширилганда ўзгаришсиз қолган – 1 700 сўм. Барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилган.
Live
Барчаси