Тошкент метросида беш вагонли поездлар қатнови йўлга қўйилади
Жамият
−
12:24 293 3 дақиқа
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тиғиз вақтларда йўловчилар оқимини тартибга солиш ва қатнов интервалларини қисқартириш бўйича бир қатор чоралар белгиланди. Бу Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил 30 октябрдаги VII-28-180-14-0-K/26-сон қарорида назарда тутилган.
Метро поездлари беш вагонли қилинади
Қарорга кўра, Тошкент метрополитенига 20 ноябрга қадар “Чилонзор”, “Ўзбекистон”, “Юнусобод” ва ер усти ҳалқа йўналишларида поездларни беш вагонли қилиб шакллантириш ҳамда ҳаракат интервалларини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш топширилган.
Ҳужжатда тиғиз вақтлар сифатида соат 07:30 дан 09:30 гача, 12:00 дан 14:00 гача ҳамда 17:00 дан 19:30 гача бўлган оралиқлар кўрсатилган.
Автобуслар қатновини ҳам кўпайтириш режалаштирилган. Жумладан, эрталабки 07:00–09:30 ва кечки 17:00–19:30 оралиғида асосий йўналишларга қўшимча транспорт чиқариш орқали қатнов интервалини 3–5 дақиқагача қисқартириш мақсад қилинган. Бу бўйича чора-тадбирлар 15 ноябрдан бошлаб ишлаб чиқилиши белгиланган.
25 та йўналишга катта сиғимли автобуслар чиқарилади
Шунингдек, 20 декабрга қадар йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та йўналишга катта сиғимли, бўғинли автобусларни сафарбар этиш тавсия қилинган. Бунда Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги асосий йўлларга алоҳида эътибор қаратилади.
Қарорда 20 та автобус йўналишида кечки қатновни соат 23:00 гача узайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Масъулларга 1 декабрга қадар бу имкониятни мавжуд шароитлар доирасида ўрганиш топширилган.
Ушбу рўйхатга 1-, 14-, 18-, 21-, 24-, 28-, 38-, 44-, 46-, 51-, 58-, 67-, 72-, 85-, 93-, 98-, 115-, 118-, 131- ва 147-сонли йўналишлар киритилган.
Кечки қатновларда автобуслар оралиғи 15–20 дақиқадан ошмаслиги, ҳаракат жадваллари эса бекатлар ва рақамли иловаларда эълон қилиниши белгиланган.
“А” йўлакларида назорат кучайтирилади
Қарорга мувофиқ, 1 ноябрдан жамоат транспорти учун ажратилган “А” йўлакларида шахсий автомобилларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ва тўхтаб туришига қарши рейдлар кучайтирилади.
Бундан ташқари, 15 декабрга қадар автобусларнинг олд қисмига қоидабузарликларни ҳаракат вақтида автоматик қайд этувчи камералар ўрнатиш ва уларни ЙҲХБнинг ягона базасига улаш амалиётини йўлга қўйиш керак.
Ҳужжатда ҳайдовчиларнинг ногиронлиги бўлган йўловчилар учун пандусни очиб бериши хизмат мажбурияти сифатида белгиланиши ҳам назарда тутилган. Бу талабни бажармаган ҳайдовчиларга нисбатан интизомий чоралар кўриш топширилган. Тошкентликларнинг 85,4 фоизи тиғиз вақтлардаги гавжумликдан шикоят қилган.
Қарорда октябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали қарийб 3 минг киши иштирокида ўтказилган сўров натижалари ҳам келтирилган. Унга кўра, иштирокчиларнинг 85,4 фоизи тиғиз вақтларда ҳаддан ташқари гавжумликни, 32 фоизи эса бекатларда 20 дақиқадан ортиқ кутишни қайд этган. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 79 фоизи жамоат транспорти тизимини умумий ҳисобда “қулай” ёки “жуда қулай” деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 20 та автобус йўналишида соат 21:00 дан 23:00 гача қатновни ташкил этиш имконияти кўриб чиқилиши ҳақида хабар берилган эди.