Покистон Бош вазири Мирзиёевни табриклади
Жамият
−
07 Июнь 8647 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф бугун, 7 июнь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан бир-бирини самимий табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбат давомида етакчилар Ўзбекистон ва Покистон халқларига фаровонлик ва равнақ тилаган.
Покистон Бош вазирининг жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга тарихий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари муҳокама қилинган.
Стратегик шериклик изчил мустаҳкамланиб бораётгани, турли даражалардаги мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.
Жорий йилда режалаштирилган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумини самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашган, бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, 25 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий ташриф билан Тошкентга келганди. 26 февраль куни Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида уни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Шу ерда Шаҳбоз Шариф ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тор доирада ва делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма декларация ҳамда икки томонлама Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги баённомани имзолади. Етакчилар оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот ҳам берди. Ташрифининг сўнгида Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон-Покистон бизнес форумида ҳам иштирок этди.
26 февраль куни Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди. Тошкент халқаро аэропортида Покистон Бош вазирини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Live
Барчаси