Мирзиёев Шаҳбоз Шариф билан бир қатор масалаларни гаплашди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг барча йўналишлари кўриб чиқилди. Давлат раҳбарлари кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қабул қилинган “йўл харитаси” асосида товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини, божхона тартиб-таомилларини ўзаро соддалаштириш, стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, харидларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш ва бошқалар устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Шу билан бирга, етакчи компанияларнинг фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, геология ва минерал ресурслар, тўқимачилик, чарм саноати ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди. Ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик ва маданий алоқаларни рағбатлантириш мақсадида Мирзиёев Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форумини ўтказишни таклиф этди.

Ўзбекистон ва Покистон етакчилари транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Кейинги бир неча йилда “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” мултимодал йўлаги орқали юк ташиш ҳажми 5 баробар кўпайгани қайд этилди. Юк айланмаси ҳажмини янада ошириш мақсадида қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.

Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалда илгари суриш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳим экани таъкидланди.

Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йилнинг июль ойида Лаҳор шаҳрида ўтказишга, кенг кўламли ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи йиғилишини 2026 йилда ўтказишга келишиб олинди. Музокаралар якунида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий ташриф билан Тошкентга келганди. Бугун, 26 февраль куни Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида уни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Шаҳбоз Шариф стратегик шериклик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг