Шаҳбоз Шариф Ўзбекистонга келди
Жамият
−
25 Февраль
5769Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий ташриф билан Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазирининг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ташриф дастурига мувофиқ навбатдаги манзилга жўнаб кетди.
Музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, енгил ва чарм саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш борасидаги қўшма режалар диққат марказида бўлади.
Шунингдек, ташриф доирасида маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилиши ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилиши ҳам айтиб ўтилган. Саммит якунида Қўшма декларация ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Қолаверса, ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида етакчилар Ўзбекистон-Покистон қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этишлари белгиланган.