Шавкат Мирзиёев Қичқириқ маҳалласига борди
Жамият
−
18:16 915 4 дақиқа
Бугун, 11 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманидаги Қичқириқ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташкил топганига ўттиз йилдан ошган ушбу маҳаллада 23 та кўп қаватли уй жойлашган. 1 минг 416 та хонадонда 5 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Президентнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида маҳалла бугун бутунлай янги қиёфа касб этган.
“Обод маҳалла” давлат дастури доирасидаги ушбу лойиҳага маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Натижада ҳудуд замонавий “яшил” шаҳарсозлик муҳитини ўзида мужассам этган ҳақиқий экологик маҳаллага айланган.

Энг катта янгиликлардан бири Қичқириқ канали қирғоғи бўйлаб барпо этилган сайилгоҳ бўлган. Унинг узунлиги 2,4 километрни ташкил этади. Сув бўйи ҳудуди аҳоли туну кун ҳордиқ чиқарадиган шинам ва озода масканга айлантирилган.
Бу ерда 12,4 километр узунликда пиёдалар йўлаги ётқизилган, қўшимча яшил ҳудуд ташкил этилган. Сув ҳавзаси устида муҳташам айвон, 14 та шийпон, чархпалак ва фавворалар қурилган.

Бугун маҳаллада 6,5 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт парвариш қилинмоқда. Турар жойларнинг ташқи кўриниши ҳам янгиланган. Аҳоли дам олиши учун юзлаб ўриндиқлар, ёритиш чироқлари ўрнатилган.
Бу ерда ёшлар учун ҳам барча шароит яратилган. 12 та воркаут майдончаси ва 3 та футбол майдони барпо этилди, кутубхоналар фойдаланишга топширилган.

Тадбиркорлик ҳам жадал ривожланиб, 47 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Янги лойиҳалар ҳисобига 61 та янги иш ўрни яратилган.
Давлат раҳбари шу ернинг ўзида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик билан ишлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берган.
Қичқириқ маҳалласида ҳам бу борада ўзига хос тизим йўлга қўйилмоқда.

Масалан, маҳалла фуқароси Гулнора Ғойипова кулолчилик тўгараги ва тўқувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйган. Бу ерга маҳалладаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар жалб этилиб, “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.
Шунингдек, ҳудудда республикада биринчилардан бўлиб замонавий минорали автотураргоҳ ўрнатилган. Ушбу 8 қаватли иншоот лифт принципида ишлайди. Марказдаги лифт автомобилни қабул қилиб, уни ўнг ва чап томондаги бўш жойларга жойлаштиради. Натижада атиги бир жуфт машина сиғадиган кичик ер майдонида 16 та автомобилни бемалол сақлаш имкони яратилган.
Бундан ташқари, маданий ҳордиқ чиқариш, турли жамоатчилик тадбирларини ўтказиш ва маҳалла аҳлини бирлаштириш мақсадида шинам амфитеатр ҳам барпо этилган.

Бу ерда мавжуд 2 та давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган.
Давлат раҳбари ушбу муассасалардан бири – 441-боғчада яратилган шароитлар билан ҳам танишган.
Ушбу маскан 1976 йилда қурилган бўлиб, унинг ҳудуди тубдан кенгайтирилди. Муассасанинг бўш турган майдонида жами 450 ўринли 2 та янги бино барпо этилган. Натижада боғчанинг умумий қуввати 835 ўринга етказилган.
Муассасада болажонлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилган. Болалар иммунитетини мустаҳкамлаш ва нафас йўллари касалликларининг олдини олиш мақсадида махсус туз хонаси ташкил этилган.
Бундан ташқари, кичкинтойларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун инглиз тили, ментал арифметика, тасвирий санъат, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат ҳамда таэквoндо бўйича қўшимча тўгараклар йўлга қўйилмоқда.
Президентга муассасада болалар учун яратилган “Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз” махсус интерактив платформасининг имкониятлари ҳақида маълумот берилган.
Ушбу махсус интерактив платформа болажонларнинг давлат тилини қизиқарли ўйинлар ва рақамли технологиялар орқали осон ўзлаштириши учун катта имконият яратади. Платформадан машғулот жараёнида болаларда мустақил фикрлаш, ҳаётий кўникмаларни шакллантириш, касблар билан танишишда ҳам фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, боғчада ташкил этилган йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгараги фаолияти билан ҳам танишилган. Бу каби тўгараклар фаолиятини бошқа мактабгача таълим муассасаларида ҳам оммалаштириш, болаларни йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятига боғча пайтиданоқ ўргатиб бориш муҳимлиги таъкидланган.
Live
Барчаси