Покистон “Толибон” ва БМТнинг тўқнашувларга оид маълумотларини рад этди
Олам
−
10 Март 1235 2 дақиқа
Покистон Ахборот вазири Аттауллаҳ Тарар жорий йилнинг февраль ойи охиридаги тўқнашувлар пайтида Афғонистоннинг тинч аҳоли яшовчи ҳудудларига ҳужум қилинмаганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 9 март куни “Arab News”га берган интервьюсида маълум қилди.
Вазир Тарар Покистоннинг ҳаракатлари аниқ разведка маълумотларига асосланганини ва Афғонистон ҳудудидан фаолият юритаётган террор тузилмаларни йўқ қилишга қаратилганини айтган.
Унинг таъкидлашича, тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлар атайлаб нишонга олинмаган. Покистон операциялари фақат жангари тармоқлар ва уларнинг логистика тизимларига қарши қаратилган.
Тарар, шунингдек, ҳужумлар бошланганидан бери Афғонистон бўйлаб 64 та ҳудуд ҳаво зарбалари билан нишонга олинганини айтиб, “Толибон” маъмурияти эълон қилган қурбонлар сонини сохта ва ишончсиз, деб рад этган.
Бундан ташқари, Тарар БМТнинг Афғонистондаги миссияси томонидан тинч аҳоли қурбонлари ҳақида берилган баёнотга жавобан ташкилот асосан “Толибон” ҳукумати тақдим этган маълумотларга таянишини айтган.
БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси Покистон кучлари билан “Толибон” ўртасидаги тўқнашувларда 56 нафар тинч аҳоли, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлгани, яна 129 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 февраль куни Афғонистон Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг афғон ҳудудини бомбардимон қилганига жавобан, бутун “Дюранд чизиғи” – Қобул томонидан тан олинмаган икки давлат ўртасидаги чегара бўйлаб Покистон ҳарбийларига қарши ҳарбий операция бошлаганди. Покистон, ўз навбатида, жавоб ўти очилганини, кейинроқ эса Афғонистон билан “очиқ уруш” бошланганини эълон қилди.
Шундан сўнг, 27 февраль куни “Толибон” муваққат ҳукумати Покистон билан чегарада янги ҳужумлар тўлқинини бошлади.
Ҳужумлар оқибатида Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегарадаги тўқнашувлар оқибатида 70 нафардан ортиқ афғон ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди.
Live
Барчаси